Украинанинг Одесса шаҳрида 32 ёшли эркак Ҳудудий комплектлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази ҳарбий хизматчиларига қарата ўқ узди. Бу ҳақда Одесса вилояти полицияси ҳамда маҳаллий нашрлар маълум қилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, ҳодиса сафарбарлик тадбирлари давомида содир бўлган. Эркак марказнинг туман бўлими ходимлари томон бир неча марта Флобер пистолети (ўқ-дорисиз ишлайдиган кичик калибрли ўқув револвери)дан ўқ узган.

Отишма оқибатида тўрт киши турли даражада жароҳат олган. Улардан бири орқа қисмига оғир жароҳат етказилгани сабабли шифохонага ётқизилган.

Марказ расмий баёнотига кўра, ҳодиса ҳарбий хизматчилар ўз хизмат вазифаларини бажараётган вақтда юз берган.

Ҳодисадан сўнг полиция гумонланувчини қўлга олди. Унга нисбатан Украина Жиноят кодексининг Қуролли кучлар ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилишга оид моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қўлланган қуролни экспертизага юборган бўлиб, ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.