Украина мудофаа вазирлиги зарбалар натижасида тинч аҳоли вакиллари орасида камида 17 киши ҳалок бўлгани ва ўнлаб кишилар шифохонага ётқизилгани, яраланганлар орасида олти нафар бола борлигини маълум қилди.
«Яраланганлар ва ҳалок бўлганлар орасида болалар бор», дейилади Запорижжя маъмуриятининг фейсбукдаги хабарида. Бош прокурор офиси камида бир бола ҳалок бўлганини маълум қилган.
Тонгда Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Старух 12 қурбон ва 49 ярадор ҳақида хабар берганди. Шаҳар кенгаши котиби Анатолий Куртев эса 17 қурбон ҳақида ёзганди.
«Тунда душман област марказига ракета зарбалари йўллаш учун тактик авиацияни қўллади. Дастлабки маълумотларга кўра, самолётлар Запорижжя бўйлаб 12 ракета учиришган. Ракеталарнинг аксари кўп қаватли турар жой бинолари ва хусусий уйларга келиб тушган. 9 қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган. Жами бешта хусусий уй вайрон бўлган. Инфратузилма объектлари шикастланган. 20 автомобил жабрланган», дея ёзади Старух телеграм-каналида.

Ўз навбатида областнинг россияпараст маъмурияти Россия армияси Украина қуролли кучлари ҳарбийлари казармасига зарба берганини хабар қилган.
«Зеленский жангариларининг 55-артиллерия бригадаси жазо отряди казармасида ёронгул («Герань») гулдасталари гуллади», дея ёзган Запорижжя ҳарбий-фуқаролик маъмурияти бош кенгаши аъзоси Владимир Рогов ўз телеграм-каналида.
Россиялик ҳарбийлар Эрондан қабул қилиб олинган Shahed-129 русумли камикадзе дронларига «Герань» (ёронгул) деб ном беришган.
Украина ҳаво кучлари зарбалар Ростов области ва Рязандаги самолётлардан фойдаланганини маълум қилган.
Украина ҳарбийлари 9 октябрга ўтар кечаси Рязандаги аэродромдан олтита Ту-22М3 бомбардимончи самолёти, Ростов областидаги Мариновка аэродромидан еттита Су-35 самолёти ҳавога кўтарилганини аниқлаган.
Украин ҳарбийларига кўра, бу самолётлар Мелитопол ва Бердянск ҳудудларидан туриб Запорижжяга зарбалар йўллаган.
Хусусан, Украина ҳаво кучларига кўра, Ту-22М3 бомбардимончиларидан тўртта Х-22 қанотли ракеталари, Су-35 самолётларидан эса иккита бошқарилувчи Х-59 авиация ракеталари учирилган.

















