Куни кеча Ўзбекистонга келган BBC Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафо Тошкент об-ҳавоси 2-3 йил ичида умуман яшаб бўлмайдиган даражага келиб қолишидан хавотир билдирди.

«Ўзгаришлар мендек одамга кўпроқ сезилади, чунки йилига атиги икки марта келаман. Ҳаво шу қадар ифлоски, ҳаводаги заҳар ҳатто жигаррангда кўзга кўриниб туради. Уни нафас йўлларингда ва таъм қабул қилгичларингда сезасан. Палапартиш қурувчи компаниялар занжирини узган қутурган итдек, қурилишлардаги чанг-тўзон машиналардан чиққан карбонат ангидрид, азот оксиди ва метан билан қўшилиб ўпкангни емиради. Деҳлига борганимда худди шундай ҳавони сезгандим. Ҳатто аҳоли ўта зич жойлашган Чилонзордек мавзелардаги ҳар қарич жойда кўп-кўп қаватли турар жойлар қуриляпти. Машиналар тирбандлигидан чарчаб метрога тушсам, авваллари кундузи бемалол бўладиган метро вагонлари ҳам одамларга тўла.

Эй тўхта, фаросатинг борми, ўзимиз яшаймиз шу ерда, дейдиган одам борми бу шаҳарда ўзи? Кеча икки тоннали Бентлида бир одам ўтиб кетди. Лекин Бентлида бўласизми, қасрда яшайсизми, шу шаҳарда бўлсангиз, сизнинг ҳам ўпкангиз чиқиндихонага айланган. Болаларингиз касал бўлиши хавфи жуда юқори. Пандемияда вирус бой ва камбағални ажратмаганидек, ёмон ҳаво ҳам одамни танлаб ўтирмайди. Вакуум яратолмайсиз. Бу заҳарли ҳаво нафақат ўпка касалликлари ё саратон, юрак-қон касалликлари, томирлардаги тромблар ва мияга қон қуйилишига ҳам сабаб бўлади», – деб ёзди журналист ўзининг Facebook'даги саҳифасида.

«Ўзгидромет» ходими Эркин Абдулаҳадов ҳам Тошкент ҳавоси баъзида нафас олиб бўлмас даражада ифлосланаётганини тасдиқлади.

«Ҳа, пойтахт ҳавоси муттасил доимий бўлмаса-да, ора-орада нафас олиб бўлмас даражада ифлосланаётганидан хавотирга тушасан. Баъзан ўта зич транспорт ҳаракати эффекти «Ўзгидромет» стационар постлари маълумотида ҳам кўриниб қолади. Масалан, 2 октябр эрта тонг соат 07:00 да пойтахт ҳавоси бир муддат нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлосланди. Асосий манба карбонат ангидриднинг кескин ошиб кетишида кўринди. Ўшанда PM-2,5 майда дисперс заррачаси ҳам меъёрдан ортиб кетди.

Медикларга маълумки, соч толасидан 40 баробар кичкина деярли кўринмас PM-2,5 майда дисперс заррачаларининг ҳавода меъёрдан кўп бўлиши кишилар нафас олганда ҳеч қандай тўсиқларсиз, ўпка тўқималарига урилиб, тўғридан тўғри қон орқали юракка етиб бориш хусусиятига эга. Ва бу – табиийки, инсон саломатлиги учун ўта хавфли жараён экани кундек равшан», – деб ёзади мутахассис.