Жаҳон | 07:41 / 13.10.2022
8054
2 дақиқада ўқилади

БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Украина ҳудудларини аннексия қилишини қоралади

Россиянинг ҳаракатларини қораловчи резолюцияни 143 давлат вакиллари қўллаб-қувватлади, 35 таси бетараф қолди. Яна беш давлат – Россия, Беларус, Сурия, Шимолий Корея ва Никарагуа бунга қарши чиқди.

Фото: Reuters

Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси 12 октябр, чоршанба куни Россиянинг Украина тўртта ҳудудини аннексия қилганини қораловчи резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилди. «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги. БМТ низоми тамойилларини ҳимоя қилиш» ҳужжати ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР», «ЛХР», шунингдек, Россия томонидан босиб олинган Запорижжя ва Херсон областлари ҳудудларида ўтказилган «референдумлар»ни тан олмайди. Таъкидланишича, сохта референдумлар юридик кучга эга эмас ва бу ҳудудларнинг мақомини ўзгартириш, жумладан, Россияга қўшиб олиш учун асос бўла олмайди.

Резолюцияни 143 давлат вакиллари қўллаб-қувватлади, 35 таси бетараф қолди. Яна беш давлат – Россия, Беларус, Сурия, Шимолий Корея ва Никарагуа бунга қарши чиқди.

БМТ Бош ассамблеясининг навбатдан ташқари йиғилиши Украина ва Албания ташаббуси билан бўлиб ўтди. 30 сентябр куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Россия вето қўйгани сабабли Россиянинг Украина тўртта областини аннексия қилганини қораловчи резолюцияни қабул қила олмади.

Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси ичида ушбу ҳужжатга қарши овоз берган ягона давлат бўлди. Кенгашнинг 10 аъзоси резолюцияни қўллаб-қувватлади, қолган тўрттаси – Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Габон бетараф қолди.

Аввалроқ Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок БМТ Бош ассамблеясини Россиянинг Украина қатор ҳудудларини аннексия қилишини қоралашга чақирган эди. Унинг фикрича, резолюция Россияга ушбу минтақалар ҳали ҳам Украинага тегишли эканлигини аниқ кўрсатиши керак. Ҳужжат, шунингдек, ҳеч ким ҳеч қандай давлат суверенитетини, айниқса зўравонлик орқали шубҳа остига қўйишга ҳақли эмаслигини таъкидлаши керак, деди Бербок.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид