Ўзбекистон | 08:48 / 13.10.2022
7202
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон жаҳон пахта тадқиқотлари конференциясига мезбонлик қилади

Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Мисрнинг Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро пахта тадқиқотчилари ассоциацияси ижроия қўмитаси йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Йиғилишда ассоциация ижроия қўмитасига аъзоларни сайлаш ва йўналишлар бўйича гуруҳларни шакллантиришга оид мунозаралар ўтказилди. Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро пахта тадқиқотчилари ассоциацияси маслаҳатчиси этиб сайланди ва халқаро ташкилот доимий аъзоси сифатида овоз бериш жараёнларида иштирок этди.

Тадбирда Халқаро пахта тадқиқотчилари ассоциацияси навбатдаги 8-жаҳон пахта тадқиқотлари конференциясини ўтказиш учун талабгор давлатлар сифатида Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон тақдимотлари ўрганиб чиқилди. Якунда ижро қўмитаси аъзолари ушбу тадбирни 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказилишини ёқлади.

Ўзбекистон делегацияси Миср пахта арбитражи ва синови бош ташкилоти (CATGO) раиси Муҳаммад Халил Хедр билан учрашув ўтказди. Мулоқот натижасида томонлар CATGO ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги SIFAT пахта толасини сертификатлаш маркази ўртасида алоқаларни ўрнатиш, тажриба алмашиш бўйича онлайн музокаралар ташкил этиш, ўзбекистонлик мутахассислар учун CATGO ўқув курсларида таълим олиш учун грант ажратиш бўйича келишувларга эришди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид