Жаҳон | 10:46 / 14.10.2022
8580
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи давлатлари украиналик қочқинлар учун яна 3,5 миллиард евро олади

Европа иттифоқи давлатлари Европа комиссиясининг тегишли таклифини маъқуллади. Маблағлар Европа минтақавий тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ажратилади. Апрель ойида Европа иттифоқи давлатлари Украинадан келган қочқинларни жойлаштириш учун 3,4 миллиард евро олган.

Фото: EPA

Украиналик қочқинларни қабул қилган Европа иттифоқи давлатлари уларни сақлаш учун қўшимча 3,5 миллиард евро олади. Маблағлар Европа минтақавий ривожланиш жамғармаси деб аталадиган фонддан олинади. ЕИ давлатлари бу ҳақда 13 октябр, пайшанба куни Еврокомиссия таклифини маъқуллаш орқали келишиб олди. Европа парламенти аввалроқ бунга рухсат берганди.

Жорий йилнинг апрель ойида Европа иттифоқи давлатлари Украинадан келган қочқинларни жойлаштириш учун 3,4 миллиард евро олди. Ўшанда маблағлар коронавирус инқирози оқибатларини бартараф этиш учун яратилган React-EU-Paket жамғармасидан ажратилди. Улар биринчи навбатда Украина билан чегарадош давлатлар учун мўлжалланган эди, чунки улар энг кўп қочқинларни қабул қилишган. БМТ маълумотларига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги уруш пайтида 7,6 миллиондан ортиқ украиналиклар Европага кириб келган.

Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши бошланганидан бери август ойининг охиригача Германияга деярли бир миллион украиналик қочқин келди. Федерал статистика бошқармаси маълумотларига кўра, украиналик қочқинларнинг аксарияти уруш бошланганидан кейинги дастлабки ойларда келган. Шундай қилиб, март ойида Германия ҳукумати 431 минг, апрелда эса 198 минг ҳолатни қайд этган. Ўшандан бери Германияга келаётган украиналиклар сони камайиб бормоқда. Июль ойида Германияга 58 минг, август ойида эса 70 минг украиналик келган. Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг август ойида Украина Германияга қочқинлар келган асосий давлат бўлиб қолган. Шу билан бирга, статистика органлари Украинага қайтиб кетишнинг 78 мингга яқин ҳолатини қайд этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид