Россия Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Украинадаги урушни тўхтатишга чақирувчи сессияси якунлари бўйича қўшма коммюнике чиқарилишига яна тўсқинлик қилди. Бу ҳақда Испания иқтисодиёт вазири Надия Кальвиньо 14 октябр, жума куни ХВЖ сессияси якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида хабар берди.

«Бутун ҳафта давомида Россиядан Украинага қарши урушни тўхтатиш қатъий талаб қилинди. Бу уруш иқтисодий ўсишни секинлаштирадиган, инфляция, беқарорлик ва ноаниқликни келтириб чиқарадиган, энергия ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид соладиган энг муҳим омил», - деди Кальвиньо. 

ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева ҳам жаҳон иқтисодиёти аҳволини яхшилашнинг энг осон йўли - урушни тўхтатиш, деган фикрни билдирди. Шу билан бирга, Россия вакиллари бундай далилларга қўшилмади ва бу ХВЖ бошқарув қўмитасини кўплаб иқтисодий масалалар бўйича якдилликни акс эттирувчи коммюнике ўрнига раис баёнотини чиқаришга мажбур қилди. 

Россия Украинага бостириб кириши қораланишига қарши бўлиб, шу йилнинг апрель ойида ҳам жамғарманинг аввалги сессиясидан сўнг ХВЖ коммюникеси чиқарилишига тўсқинлик қилганди.