Обида муаллим. Чуя қишлоғи аҳолиси Обида Қаршиевани шундай атайди. Чунки у қарийб 40 йилдан буён мактабда ёшларга таълим бериб келмоқда. 5 нафар фарзандни ўқимишли қилиб тарбиялаган бу аёл шаҳарда яшашни орзу қилади, аммо қишлоқда ҳаёт кечираётганидан ҳам афсусланмайди.

Чуя қишлоғи Нурота тумани марказидан бироз олисда, тоғлар этагида жойлашган. Қишлоқ аҳолиси асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Моли ёки томорқаси, кичик бўлса ҳам боғи бўлмаган хонадоннинг ўзи йўқ.

Шу сабабли қишлоқ аёлларининг ишлари талайгина: томорқа, мол-ҳолга қараш, уй-рўзғор юмушлари. Обида опанинг кундалик ҳаёт тарзи ҳам шундай ўтади. Давлат ишидан ҳам уйдаги юмушлари кўпроқ: тонг қоронғисидан мактабга кетгунича ва мактабдан қайтгач қош қорайгунча тиним билмайди.

Обида Қаршиеванинг таъкидлашича, қиш учун ўтин захираси етарли бўлса, у ўзини бахтли ҳис қилади:

“Ҳаётимдан нолимайман. Фарзандларимни мана шу қишлоқда яшаб, ўқитдим, уйли-жойли қилдим. Шундай бахтга шу қишлоғимда эришдим. Шаҳарда қўлимни совуқ сувга урмасдан, ишга тоза-озода бориб келиб яшашни мен ҳам орзу қиламан. Лекин қишлоғимдаги бу ҳаётни ҳам яхши кўраман. Шаҳар аёлларининг ҳаёт тарзи бизникига қараганда анча енгил, деб ўйлайман. Менинг ҳаётим қийинроқ бўлгани билан яшаш тарзим яхшироқ: ўзим етиштирган тоза маҳсулотларни истеъмол қиламан, помидор ўзимиздан чиқади, мева-чева текин. Шаҳар аёли билан қишлоқ аёлининг фарқи жуда катта. Қишлоқ аёллари меҳнаткаш, қўли қадоқ, ишларимиз жуда кўп. Ҳозир соат 5:00да, ёз кунлари эса ундан ҳам вақтлироқ тураман ва ҳар кунги юмушларим билан банд бўламан.

Шаҳарда яшашни ким орзу қилмайди дейсиз? Яхши-да, енгилроқ ҳаёт. Менга ўхшаб таппи қилмайди, қий эламайди. Менинг таппи-тезакларимга қаранг, том тўла. Мен шуларим кўпайса, қишга захира бор деб бахтли ҳис қиламан ўзимни. Менга газ бўлиши шарт эмас. Мана, ўчоғим бор, ҳамма овқатларни пиширишим мумкин. Меҳмон келса хам шошиб қолмайман.

Қишлоқнинг яхши жойи – ҳамма қўни-қўшниларни кўриб турасиз. Қозонимизда нима қайнашидан қатъи назар бир-биримизга кўмаклашамиз. Мана, мен тўй қиламан деяпман. Қўшниларим ҳозирдан нима хизматингиз бор, деб шай бўлиб туришибди. Қишлоқда меҳр-оқибат кучли