Ўзбекистон | 14:26 / 18.10.2022
6982
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия сўровга кўра ўзаро маҳкумларни топширади. Қонун лойиҳаси қабул қилинди

18 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, 3 ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда Кun.uz мухбири хабар бермоқда.

Лойиҳа юзасидан маълумот берган Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошевга кўра, битим Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 2022 йил март ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланган. Битимни тасдиқлашга доир қонун лойиҳаси Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши бош котиби томонидан 2022 йил 18 майида тасдиқланган Ўзбекистон ва Туркия ўртасида хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий технологик ҳамкорликни ривожлантириш амалий тадбирлар режасига мувофиқ ишлаб чиқилган.

«24 моддадан иборат ушбу битимда ҳукм чиқарган аҳдлашувчи давлат ҳудудида жазо ўтаётган ва бошқа аҳдлашувчи давлатнинг фуқаролари бўлган маҳкумларни ҳукм ижро этиладиган давлатга ўтказиш тартиби баён этилган.

Хусусан, маҳкум – ҳукм чиқарилган томон ҳудудидан ҳукм ижро этиладиган томон ҳудудига жазони (тўлиқ) ёки унинг қолган қисмини ўташ учун ўтказилиши мумкин. Маҳкумга тайинланган жазо ҳукм чиқарилган томон судининг ҳукми асосида ўталади.

Маҳкум топширилганидан сўнг барча харажатлар ҳукм ижро этиладиган тараф томонидан қопланади. Битимга мувофиқ, топшириш бўйича илтимосномалар ва бошқа масалаларда Бош прокуратура Ўзбекистон томонидан марказий орган ҳисобланади», - дея Эркин Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, маҳкумлар жазони ўз давлатида ўташи, яқинлари билан доимий кўришиб туриши унинг жамиятга қайтишига ижобий таъсир қилади.

Мажлисда депутат Дониёр Ғаниев битимда кўзда тутилган харажатлар қайси манбалар ҳисобидан қопланиши борасида сўради. Спикер Нуриддин Исмоилов бу каби вазифалар учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бирига маблағ ажратилганини айтиб, масалани ёпди.

Депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқишнинг 2- ва 3-босқичларини истисно қилиб, биратўла 3 ўқишда қабул қилди. Энди мазкур қонун парламент юқори палатаси – Сенат томонидан маъқулланиб, президент томонидан имзолангач кучга киради.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид