14:29 / 18.10.2022
7121

Европа иттифоқи ўн йил ичида Украинага 350 млрд евро ёрдам бериши мумкин

Scope рейтинг агентлиги маълумотларига кўра, яқин ўн йилда ЕИ Украинага ААА кредит рейтингини йўқотмасдан 350 миллиард еврогача ёрдам бериши мумкин.

Фото: Reuters

Scope рейтинг агентлиги маълумотларига кўра, Европа иттифоқи урушдан вайрон бўлган Украинани қайта тиклашни ўзининг юқори кредит рейтингини йўқотиш хавфисиз молиялаштириши мумкин. 18 октябр, сешанба куни Reuters агентлигининг Scope тадқиқотига таяниб хабар беришича, «Европа иттифоқи Украинани ААА рейтингини пасайтирмасдан қайта қуриш бўйича тарихий муаммони ҳал қилиш учун юзлаб миллиард евро сарфлаши мумкин». 

Бунинг зарурий шарти Европа иттифоқига имтиёзли кредитор мақомини беришдир, бу Украина давлати банкрот бўлган тақдирда ҳам пулнинг қайтарилишини кафолатлайди. 

Scope экспертларининг фикрига кўра, яқин ўн йилда Европа иттифоқининг Украинага ёрдами 100 миллиард евродан ошиши мумкин, ҳаттоки 350 миллиард еврогача кўтарилиши мумкин. Шу тариқа, урушдан кейин инфратузилмани қайта тиклаши керак бўлган Украина, агар Италия ва бошқа ЕИга аъзо давлатлар режалаштирилганидек, 2058 йилгача Next Generation EU тикланиш фондидан олган кредитларини тўласа, ЕИ учун энг йирик қарздорга айланиши мумкин, дейилади ҳужжатда. 

«Украинани бундай қўллаб-қувватлаш еврооблигациялар чиқарилишининг сезиларли даражада ошишига олиб келади ва Европа иттифоқининг капитал бозорларида иштирокини янада кучайтиради», дейди тадқиқот муаллифи Алвис Леннх-Юнус. Шу билан бирга, у хавф ва ён таъсирларнинг мавжудлигини таъкидлади. «Европа иттифоқи активларининг сифати ҳеч бўлмаганда Украинанинг кредит қобилияти яхшиланмагунча ёмонлашади», - дейди таҳлилчи. 

Украинанинг кредит профили Scope томонидан CC салбий прогноз билан баҳоланяпти, бу нисбатан юқори дефолт хавфини акс эттиради. Агар бу давлатга 350 миллиард евро ажратилса, у 40 йил давомида Брюсселга ҳар йили тахминан 10 миллиард тўлаши керак бўлади, дея таъкидланади ҳисоботда. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top