Ўзбекистон | 16:33 / 19.10.2022
3773
2 дақиқада ўқилади

Электр тармоқларига ноқонуний уланганлар тизимга 26,1 млрд сўм зарар етказди — «Ўзэнергоинспекция»

Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида электр ва иссиқлик энергиясидан ноқонуний фойдаланган 440 нафар истеъмолчи томонидан 87 млрд сўм етказилган зарар ундирилган. 

Ўтган 9 ой давомида электр тармоқларига ноқонуний уланиш туфайли тизимга 26,1 млрд сўм зарар етказилган

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда  «Ўзэнергоинспееция» ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев маълум қилди.

Брифингда маълум қилинишича, текширувлар натижасида 35 кВ ва ундан юқори электр қурилмаларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари, энерго тизими корхоналари, давлат ташкилотларида ҳамда электр тармоқларига ноқонуний уланиш бўйича жами 718 та ҳолат аниқланган.

Бунинг натижасида, электр ва иссиқлик энергиясидан ноқонуний фойдаланган 440 нафар истеъмолчи томонидан 87,1 млрд сўм етказилган зарар бўйича қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилган.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи – Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида аниқланган.

«Текширувларда ноқонуний уланган, қониқарсиз техник ҳолатдаги жами 3608 та электр қурилманинг иши ҳамда хавфсизликка риоя қилмаган 35 та бригаданинг иши тўхтатилди. 250 нафар масъул ходимларга тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга электр тармоқларига ноқонуний уланган 758 нафар истеъмолчи томонидан тизимга 26,1 млрд сўм зарар етказилган» - деди Наврўз Норбоев.

Аввалроқ, Фарғонада қарийб 14 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқлангани маълум қилинганди.

Мавзуга оид