La Presse газетасида эълон қилинган аудиоёзувда Берлускони шундай дейди: «Россия вазирлари биз билан уруш ҳолатида эканини аллақачон бир неча бор айтишди, чунки биз Украинага қурол етказиб беряпмиз ва уни қўллаб-қувватлаяпмиз. Мен ўз шахсий фикримни билдира олмайман, чунки агар бу матбуот қўлига тушиб қолса, фалокат юз беради. Лекин мен жуда ва жуда хавотирдаман».
Берлускони сўзларини давом эттириб, шундай дейди: «Мен Путин билан яна жуда кўп суҳбатлаша бошладим. У туғилган кунимда 20 шиша ароқ ва жуда ёқимли хат юборди. Мен бир неча шиша Ламбруско ва худди шундай ёқимли хат билан жавоб бердим».
Нашрнинг ёзишича, Берлускони бу сўзларни ўзининг «Forza, Italia!» (Олға, Италия!) партиясидан парламентга сайланган депутатлари ўртасидаги ёпиқ учрашувда айтган.
Европа комиссияси Берлусконининг бу сўзларига муносабат билдирди. Унинг вакилига кўра, мамлакатлар икки томонлама муносабатларни ўрнатишда эркин. Аммо Европа Иттифоқи сиёсати ва позицияси ҳурмат қилиниши керак, у Путин билан «муносабатларни минимал даражага тушириш»ни назарда тутади.
Европалик ва россиялик сиёсатчилар ўртасидаги алоқалар тақиқланмаган, бироқ «Украинага ноқонуний босқин ва тажовуз бўйича Европа Иттифоқининг позициясини етказиш ҳамда россиялик ҳамкасбларини урушни зудлик билан тўхтатишга ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишни бошлашга чақириш» унинг устувор йўналиши бўлиши керак, деб ҳисоблайди ЕИ. «Европа Иттифоқи бир овоздан Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушини қоралайди», — деб қўшимча қилди Еврокомиссия вакили.
Силвионинг дўсти
Газета аудиоёзувни эълон қилганидан сўнг, «Forza, Italia!» партияси ҳам худди Берлусконидек, Россия ва Украина ўртасидаги урушга Европа ва АҚШ каби муносабатда бўлишини маълум қилди. «Бу масалада ноаниқликка ўрин йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган», — дейилади баёнотда.

Партия расмий вакили, шунингдек, Берлускони ўзининг сўнгги туғилган куни 2022 йил 29 сентябрни назарда тутмагани, балки «кўп йиллар аввал содир бўлган эски воқеани айтиб бергани»ни таъкидлади.
86 ёшли Берлускони Путинга яқинлиги ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Бош вазир лавозимини эгаллаб турганида у билан бир неча бор учрашган ва Путиннинг ўзи ҳам Берлусконини дўсти ва иттифоқчиси деб атаган.


















