Жаҳон | 08:45 / 22.10.2022
10799
2 дақиқада ўқилади

FATF Россияга ўз лойиҳалари ва мажлисларида қатнашишни тақиқлади

Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бўйича халқаро ишчи гуруҳи (FATF) Украинага қарши тажовуз туфайли Россияга жорий ва келажакдаги лойиҳаларида, шунингдек, минтақавий органлари йиғилишларида иштирок этишни тақиқлади.

Фото: FATF

Пул ювишга қарши халқаро ишчи гуруҳи (FATF) 20-21 октябр кунлари бўлиб ўтган ялпи мажлисидан сўнг Россияга ўзининг жорий ва келажакдаги лойиҳаларида иштирок этишни тақиқлади. Бундан ташқари, Россия энди FATF минтақавий органлари йиғилишларида ташкилот аъзоси сифатида иштирок эта олмайди.

FATF Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида кераксиз қурбонлар, изтироблар ва ҳалокат рўй бераётгани учун яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Россиянинг ҳаракатлари «молия тизими хавфсизлиги, ишончлилиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга қаратилган FATF'нинг асосий тамойилларини бузишда давом этаётгани» таъкидланган. Шуни ҳисобга олган ҳолда ташкилот қўшимча чекловлар жорий этишга қарор қилди.

FATF вазиятнинг ривожланишини кузатиб боради ва ҳар бир янги ялпи мажлисида Россияга нисбатан чекловларни бекор қилиш ёки узайтириш масаласини кўриб чиқмоқчи. Ташкилот, шунингдек, барча юрисдикцияларни Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга уринишлар хавфли экани ҳақида хабардор қилмоқчи.

Июнь ойида Москвага FATF'да раҳбарлик ва маслаҳат функцияларини бажариш тақиқланган эди. Айни пайтда, Украина уруш бошланганидан бери Россияни ташкилотдан чиқаришга интилмоқда. Зеленский идораси раҳбари Андрей Ермак ва АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол бошчилигидаги Россияга қарши санкциялар бўйича халқаро экспертлар гуруҳи бу Москвага санкцияларни четлаб ўтиш воситаларини топишни қийинлаштиради ва капиталнинг мамлакатдан чиқиб кетишини тезлаштиради, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, Росфинмониторинг FATF'ни Россияни четлатиш «жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш глобал тармоғида номутаносиблик хавфини келтириб чиқариши» ҳақида огоҳлантирди.

FATF 1989 йилдан бери мавжуд. Россия 2003 йил июнидан бери ташкилотнинг доимий аъзоси ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид