Челси – Манчестер Юнайтед 1:1
Голлар: 1:0 – 87, пенальти Жоржиньо, 1:1 – 90+4 Каземиро.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Тиаго Силва, Кукурелья (Ковачич, 36), Чалоба, Чилуэлл, Жоржиньо, Лофтус-Чик (Чуквуэмека, 79), Маунт, Обамеянг (Пулишич, 74), Стерлинг (Броя, 79).
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Диогу Далот, Варан (Линделеф, 60), Мартинес, Шоу, Эриксен (Мактомини, 80), Каземиро, Бруну Фернандеш, Рэшфорд (Эланга, 81), Санчо (Фред, 52), Антони.
Огоҳлантиришлар: Антони (32), Фред (86), Шоу (90), Жоржиньо (90), Мартинес (90).

«Манчестер Юнайтед» шусиз ҳам доим диққат марказида туради, сўнгги кунларда эса клуб газеталарнинг бош муқоваларини эгаллади. Тўғри, қизиқиш авж олиши «Тоттенҳэм» устидан қозонилган ғалаба туфайли эмас, Криштиану Роналду атрофидаги янги можаро туфайли бўлди. Португалиялик юлдуз лондонликларга қарши ўйиннинг қўшимча дақиқалари бошланганида «Олд Траффорд»ни тарк этди ва айнан шу сўнгги кунлардаги асосий муҳокама мавзусига айланди.

Эрик тен Ҳаг Роналду ҳақидаги саволларга жавоб беришдан чарчади. Англияда, маълумки, ўйиндан кейин мураббийлар бир неча нашрлар учун эксклюзив интервью бериши мажбурий, шу туфайли нидерландиялик мутахассис битта фикрни турлича сўзларда ифодалаб жавоб қайтаришига тўғри келди.

Табиийки, «Челси» билан ўйин олдидан ҳам бу мавзу «қайноқ»лигича қолди. Қолаверса, бу вақтга келиб тафсилотлар маълум бўлиб улгурганди: унга кўра, Роналду сўнгги дақиқаларда захирадан майдонга тушишдан бош тортган, натижада асосий таркиб машғулотларидан четлатилган. Шу туфайли Криштиану «Челси» билан ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. Шу билан бирга, тосмонлар ярашиш тарафдори эканини кўрсатишди. Тен Ҳаг бу юлдуздан воз кечмоқчи эмаслиги ва мавсум охирига қадар ундан фойдаланмоқчи эканини айтди, Роналду эса (ёки унинг SMM-менежери) ижтимоий тармоқда жамоа билан тушган суратини жойлади ва шундай изоҳ қолдирди: «Олға, «Манчестер Юнайтед».

Поттернинг трансформацияси

Криштиануга «МЮ»сиз осон бўлди дейиш қийин. Аммо трансляция режиссёрларига осон бўлгани аниқ: одатда улар ҳар дақиқада захирада ўтирган Роналдуни кўрсатишарди, бу сафар эса барча эътибор майдонга қаратилди. Лекин ўйини томошабоп бўлди деб  бўлмасди — бу кўп жиҳатдан мураббийлар туфайли.

Тен Ҳаг ва Поттер ўз жамоалари бошқарувига келганига кўп бўлмади ва уларнинг имзоси фақат сўнгги ўйинлардагина кўзга ташлана бошлади. «МЮ» юқори прессинг, қисқа узатмалар билан ўйнаш ва узоқдан берилган зарбалар эвазига «Тоттенҳэм»ни таслим этди. «Челси» эса сўнгги вақтларда гол ўтказишдан тўхтади, жамоа Поттер бошқарувидаги «Брайтон»да бўлгани каби ишончли ҳимояга эга бўлди.