Химера – қадимги юнон мифологиясида боши ва бўйни шерники, танаси эчки, думи илон шаклида бўлган олов пуркагувчи йиртқич ҳайвон. Ҳозирги вақтда фанда кутилмаган натижаларга олиб келган тажрибалар маҳсули кўчма маънода шундай номланади.
Бостон университети олимлари коронавируснинг иккита штамми асосида тадқиқот-тажриба ўтказишга қарор қилишди.
Улар 2019 йил охирида пайдо бўлган биринчи «Уҳан» штамми ва нисбатан янги, дунё бўйлаб тез тарқалиши, тез юқиши, ҳатто эмланган ва яқинда касал бўлган одамларга ҳам юқиши билан машҳур бўлган «омикрон» штамми асосида тажриба ўтказишди.
Олимлар нима қилишди?
Тадқиқотчилар «омикрон»нинг тикансимон S-оқсилини дастлабки «Уҳан» штамми билан бирлаштиришди. Бу оқсил ноёб тузилма бўлиб, инсон ҳужайралари билан боғланиш ва ичига кириб олиш хусусиятига эга. Айнан «омикрон» мутациясида олдинги штаммларнинг «излари» тўпланган, шу сабабли у жуда юқумли ва бардошлидир.
Муҳим тафсилот: коронавируснинг дастлабки «Уҳан» варианти сичқонларда юқори даражада ўлим хавфини юзага келтирган, «омикрон» эса касалликнинг енгил белгиларини юзага чиқарган.
Бостон университетининг янги юқумли касалликлар миллий лабораторияси Қўшма Штатларда биохавфсизлик бўйича тўртинчи даражага эга 13 та муассасанинг бири ҳисобланади. Бундай лабораторияларда ўта хавфли тадқиқотларни, жумладан, ўта юқумли бўлган Covid ва Эбола вируслари устида тажриба ўтказиш мумкин.
Штаммлар аралашмаси кутилмаган ва хавфли бўлиб чиқди. Буни лаборатория сичқонларида ўтказилган тажриба тасдиқлади. Олимлар барча кемирувчиларга янги мутантни юқтиришди. Натижа ҳайратланарли бўлди: касаллик сичқонларда оғир кечиб, уларнинг 80 фоизи ўлиб қолди.

Тадқиқотчилар танқид остида қолди. Янги мутацияни яратиш нимага керак? Ахир, вирус шундоғам мутацияга учрамоқда, дунё бир неча йилдан бери унга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда.
«Пандемия Уҳандаги лабораторияда яратилган вируснинг ташқарига «сизиб чиққани» оқибатида юзага келган деган фаразлар бор. Бунинг эҳтимоли катта экани инобатга олинса, бундай тажрибани ўтказиш соғлом ақлга зиддир», деди Шарқий Англиядаги Британия университети микробиология профессори Дэвид Ливермор.
«Бу бутунлай тақиқланиши керак, улар олов билан ўйнашяпти», деди Исроил ҳукуматидаги етакчи олимлардан бири Самуэл Шапира.

















