РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу 23 октябр куни телефон орқали Ғарбнинг бир неча мамлакатлари - Франция, Туркия, Буюк Британии ва АҚШ мудофаа вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Шойгу уларнинг ҳар бири билан Украинадаги  «назорат қилиб бўлмайдиган даражада кучайиб кетишга мойил бўлган вазият»ни муҳокама қилган 

РФ мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Франция, Туркия ва Буюк Британиядаги ҳамкасблари билан музокаралар чоғида Шойгу «Украина томонидан „ифлос бомба“ қўлланган ҳолда провокациялар амалга оширилиши эҳтимоли юзасидан ўз хавотири»ни билдирган. РФ мудофаа вазирлиги бу версияни асословчи ҳеч қандай далил келтирмаган. Россия ҳарбий идорасининг Пентагон билан музокаралар тўғрисидаги хабарида россияликлар вазири мулоқот чоғида «ифос бомба» мавзусини кўтаргани борасида аниқ гап келтирилмаган.

Шойгунинг музокараларидан бироз олдинроқ РИА Новости «Киев режими Украинада „ифлос бомба“ билан провокация тайёрлаётгани» тўғрисида хабар берганди. Россия давлат агентлиги бунда «турли мамлакатлардаги ишончли манбалари», жумладан Украинадаги манбасига таянган ҳолда хабар тарқатган. Агентликнинг тасдиқлашича, провокация гўёки Россияни оммавий қирғин қуроли қўллашда айблаш ва «бу орқали дунёда Москвага нисбатан ишончга путур етказишга қаратилган кучли аксилроссия кампаниясини бошлаш» учун тайёрланмоқда. РИА Новости хабарида «ифлос бомба» гўёки Украинада тайёрланаётгани, Киев эса «ядро қуроли таркибий қисмлари Украинага тақдим этилиши масаласида» алоқада бўлиб тургани айтилган. Бу маълумот бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Сергей Шойгуни эскалацияни янада кучайтириш учун баҳона сифатида бу каби баёнотлардан фойдаланмасликка чақирган. Буюк Британия мудофаа вазирлиги Россия томони ташаббуси билан ташкиллаштирилган мулоқот тафсилотларини келтиради.

Вазир Шойгу Украина Ғарб давлатлари, жумладан Буюк Британия кўмагида Украинадаги можарони кучайтиришга қаратилган ҳаракатни режалаштираётганини иддао қилди. Мудофаа вазири [Бен Уоллес] бу айбловни рад этди ва бу каби баёнотлар эскалация учун баҳона сифатида фойдаланилмаслиги кераклигидан огоҳлантирди.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги хабарида таъкидланишича, икки вазир ҳам мулоқот чоғида ўзини «профессионал тутган ва ўзаро ҳурмат сақлаган».

Ўз навбатида Туркия мудофаа вазирлиги Туркия мудофаа вазири Хулуси Оқар суҳбат чоғида Сергей Шойгуга Анқара минтақада барқарорликни тиклашда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтганини маълум қилган. «Томонлар минтақада вазиятни янада чуқурлаштириши мумкин бўлган эҳтимолий провокациялар қаршисида огоҳликни сақлаш зарурлигини қайд этди», — дея Туркия мудофаа вазирлигига таянган ҳолда ёзади Anadolu.