Жаҳон | 14:35 / 24.10.2022
10656
2 дақиқада ўқилади

Украина Бош штаби: Беларусдан Украинага зарба берилиши хавфи бор

Беларус ҳудудидан Украинанинг муҳим инфратузилмасига ракета ва ҳаво ҳужумлари, жумладан, Эроннинг учувчисиз учоқлари томонидан зарба берилиши хавфи мавжуд. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки ҳисоботида айтилган. 

Фото: РИА Новости

Унда қайд этилишича, октябрь ойида Беларусда сафарбарлик ресурсларини текшириш давом этмоқда. Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳузурида ишга қабул қилиниши мумкин бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни текшириш ва аниқлаштириш бўйича махсус гуруҳлар ташкил этилган. 

Ҳарбий ёшдаги эркакларнинг фаолият тури, ҳарбий мутахассисликлари ва оилавий аҳволини аниқлаштириш давом этмоқда.

Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари Бош штаби россияликлар Запорижжя АЭС ишчиларига жисмоний ва маънавий босим ўтказиб, уларни «Росатом» билан шартнома имзолашга мажбур қилаётгани ҳақида хабар берди. 

Қайд этилишича, станция ходимларига Украина ҳукумати назорати остидаги ҳудудга ҳам бориш тақиқланган.

Бундан олдин Урушни ўрганиш институти Беларусдан Украина шимолига ҳужум қилиш хавфи унчалик катта эмас, деб ҳисоблаганди. Россия томони Бахмут ҳудудидаги олға силжиш ҳақидаги маълумотларни сохталаштиришда давом этаётган бўлиши мумкин, дея таъкидлайди ISW.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бригада генерали Алексей Громовнинг 20 октябр, пайшанба куни берган огоҳлантиришига қарамай, Россиянинг Беларусдан Украина шимолига ҳужум қилиш хавфи пастлигича қолмоқда. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) сўнгги ҳисоботида айтилади. Громовнинг таъкидлашича, бундай таҳдид эҳтимоли ортиб бормоқда ва рус қўшинлари Ғарб ҳамкор мамлакатлардан таъминот линияларини бузиш учун Украина шимоли-ғарбий қисмига ҳужум қилиши мумкин. 

Россия кучлари ғарбдан қуруқликда ҳужум қилиш орқали Украина таъминот линиялари оқимига ҳатто аралашиш имконига эга эмаслигини ҳисобга олсак, яқин ойларда воқеаларнинг бундай ривожланиш эҳтимоли йўқ, дейди америкалик таҳлилчилар.

Мавзуга оид