Украина ва унинг иттифоқчиларининг ҳарбий экспертлари ва сиёсатчилари томонидан берилаётган асосий савол – Беларус армиясининг Россия томондан урушга бевосита қўшилиши эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқин? Россия қўшинлари Беларус тарафдан Киевни эгаллаш учун яна бир уриниб кўрадими?

Тўрт тахмин

10 октябр куни Украинага (хусусан, Беларус ҳудудидан ҳам) кенг кўламли ракета ҳужумлари уюштирилди ва шу куни Александр Лукашенко Россия билан биргаликдаги «қўшма гуруҳ» тузилишини эълон қилди.

Экспертлар Беларусда «қўшма гуруҳ» ташкил қилиниши сабаби бўйича тўртта назарияни олдинга сурмоқда:

Украина қўмондонлигини бошқа фронт чизиқларидан чалғитиш учун оғзаки таҳдид

Лукашенко бу усулни уруш бошида ҳам қўллаган эди. Беларус кучлари оператив (ва норасмий) жиҳатдан Россиянинг Ғарбий ҳарбий округига киради. Бу округ қўшинлари яқинда Харкивда катта йўқотишларга учради. Эндиликда округ қўшинлари таркиби Беларус кучлари ҳисобига тўлдирилиши ва шу ердаги ҳарбий базаларга жойлаштирилиши мумкин. Бу йўл билан беларуслар украинларни шимолга эътибор қаратишга мажбур қилиши ва бошқа фронт чизиқларидан чалғитиши мумкин.

Россия авиацияси, ракета комплекслари ва дронларини Беларусга жойлаштириш

Узоқ танаффусдан сўнг Россия Украинанинг ғарби ва шимолига (шу жумладан Киевга) ҳаво зарбалари беришни бошлади. Ҳужумларнинг бир қисми Беларус ҳудудидан учирилган «Герань-2» камикадзе дронлари (Эронда ишлаб чиқарилган) ёрдамида амалга оширилди.

Эҳтимол, Россия армияси Украинанинг муҳим инфратузилмаларини йўқ қилишни назарда тутувчи «вайронагарчилик уруши»ни янги стратегия сифатида давом эттириши мумкин. Беларус ҳудудидан фойдаланмасдан туриб бундай тактикани амалга ошириб бўлмайди. Россия дронлар ва ракеталарни Украина ғарбига айнан Беларус ҳудудидан учиришни мақсад қилган бўлиши мумкин.

«Қўшма гуруҳ» келажак учун яратилмоқда, Россия қўмондонлиги урушнинг Украинадан ташқарига тарқалиши ва НАТО давлатлари билан зиддият муқаррар равишда кучайишини тахмин қиляпти

Россия қуролли кучлари томонидан Украинага қарши стратегик бўлмаган ядровий қуроллардан фойдаланиш натижасида Ғарб билан ҳарбий можаро кучайган тақдирда Кремль Беларусдаги ўз ҳарбий кучларига таянмоқчи.