Жаҳон | 07:43 / 25.10.2022
5312
3 дақиқада ўқилади

Киев суди "Мотор Сич" авиакорхонаси раҳбарини икки ойга ҳибсга олди

Вячеслав Богуслаев коллаборационизмга алоқадорликда айбланиб, 60 суткага ҳибсга олинган. Худди шундай эҳтиёт чораси Запорижжя корхонаси бўлимларидан бирининг бошлиғи учун ҳам танланган.

Фото: ТАСС

Киевнинг Шевченко туман суди "Мотор Сич" авиакомпанияси раҳбари Вячеслав Богуслаевни икки ойга ҳибсга олди. Ҳибсга олиш тўғрисидаги сўров Украина Хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура томонидан берилган, деб хабар қилди УХХ матбуот хизмати 24 октябр, душанба куни.

"Кейинги 60 кун ичида УХХ терговчилари терговга қадар текширув ўтказаётган бир пайтда у ҳибсхонани тарк эта олмайди", — дейилади маҳкаманинг Telegram-каналида. Худди шундай эҳтиёт чораси "Мотор Сич" ташқи иқтисодий фаолият бўлими бошлиғи Олег Дзюбага нисбатан ҳам танланган, у ҳам аввалроқ УХХ томонидан ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинганлар тажовузкор давлат билан ҳамкорликда ва шерикликда гумон қилинмоқда. "Судга қадар тергов давом этмоқда. УХХ томонидан ноқонуний фаолиятнинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда", - дейилади хабарда.

Суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Учрашувдан сўнг Богуслаев суд қароридан қониқиш ҳосил қилганини айтди, бироқ айни пайтда ишни "тушунмовчилик" деб атади.

Богуслаевнинг адвокати Ярослав Волинец ҳимояси остидаги шахснинг Россия фуқаролиги борлиги ҳақида аввалроқ оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотни тасдиқлади.

83 ёшли Богуслаевнинг Запорижжя шаҳрида ҳибсга олингани 22 октябр куни кечқурун маълум бўлди. Эртаси куни буни Украина Хавфсизлик хизмати расман тасдиқлади. Душанба куни эрталаб УХХ "Мотор Сич" раҳбарининг телефон суҳбатлари аудиоёзувларини эълон қилди.

Ёзувлардан маълум бўлишича, Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин ҳам Богуслаев Россия жанговар вертолётларига двигателлар ва бошқа бутловчи қисмлар етказиб беришда давом этган ва шу тариқа Россия Қуролли кучларини амалда қўллаб-қувватлаб, уларга Украина шаҳар ва қишлоқларини ўққа тутишда ёрдам берган, дейилади агентлик хабарида. УХХ Богуслаев бир неча бор Олий радага "Ҳудудлар партияси"дан сайланганини ва Россия босқинини оқлаганини эслатди.

Богуслаев 1990-йилларнинг бошидан бери "Мотор Сич"ни бошқариб келади. 2012 йилда у ўз лавозимини тарк этиб, Олий рада депутати бўлди, кейин 2019 йилда лавозимга қайтди. 2021 йилда у 125 миллион доллар бойлиги билан Украина Forbes рўйхатида 62-ўринни эгаллади. 2000 йилда Богуслаевга Украина Қаҳрамони унвони берилган.

Мавзуга оид