Президент Шавкат Мирзиёев касб байрами муносабати билан ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.

Ҳурматли ички ишлар тизими ходимлари!

Қадрли офицер ва генераллар, сержант ва сафдорлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Аввало, сизларни 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳеч шубҳасиз, халқимиз сизларни ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган, муқаддас қасамёдига содиқ инсонлар деб билади ва машаққатли хизматингизни муносиб эътироф этади.

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бораётган ислоҳотларимизни ҳаётга муваффақиятли жорий этишда ички ишлар тизими ходимлари давлатимиз ва жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда дунёда ҳукм сураётган мураккаб ва таҳликали шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш қанчалик муҳим вазифа эканини барчамиз яхши англаймиз. Шу боис, кейинги йилларда ички ишлар тизимини ислоҳ қилишга устувор эътибор қаратилмоқда.

Бу борада барча ҳудудларимизда хавфсиз шароит яратиш, тинчлик ва осойишталикка қарши таҳдидларга тўлиқ барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг жамоат хавфсизлиги концепцияси ҳамда 2022-2025 йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳужжатларга асосан, илк бор ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролар хавфсизлигини ишончли таъминлаш бўйича 10 та давлат идорасининг ҳамкорликда ишлаш механизмлари ва вазифалари белгилаб берилди. Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган замонавий иш услублари амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг сабабларини бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарликларни “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тизими жорий қилинди. Жиноятлар нисбатан кўп содир этилган маҳаллаларда ташкил этилган ҳуқуқ-тартибот масканларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг биргаликдаги фаолияти йўлга қўйилди.