Жаҳон | 08:23 / 27.10.2022
9893
2 дақиқада ўқилади

Эронда шиалар зиёратгоҳига қилинган ҳужумда 15 киши ҳалок бўлди

Эрон жанубидаги Шероз шаҳрида Шоҳ Черах мақбараси зиёратчиларига уч нафар террорчи ҳужум қилди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 15 киши ҳалок бўлган, 40 киши яраланган. ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Фото: AFP

26 октябр, чоршанба куни соат 17:45 лар атрофида Эрон жанубидаги Шероз шаҳрида шиаларнинг муқаддас қадамжоси бўлган Шоҳ Черах мақбарасига қуролли уч киши ҳужум қилди, деб хабар бермоқда Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA. Натижада камида 15 киши ҳалок бўлди. Fars News Agency хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида бир аёл ва икки бола бор. Зиёратгоҳга ташриф буюрган 40 киши жароҳатланган.

Икки ҳужумчи полиция томонидан қўлга олинган, учинчиси қочишга муваффақ бўлган. Эроннинг бошқа бир нашри Nour news аввалроқ бу учала шахс ҳам эронлик эмаслигини хабар қилган эди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди, бу ҳақда у ўзининг Телеграм-каналида ёзган.

Эрон президенти Иброҳим Раисий Шероз ҳужумини зўравонлик йўли билан «халқни бўлишга» уриниш эканлигини айтди. «Ёмонлик, албатта, жазосиз қолмайди, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот кучлари ҳужумни уюштирганларга сабоқ беради», - дея Раисий сўзларини келтиради Tasnim.

Шероздаги теракт бутун мамлакат бўйлаб 22 ёшли курд қизи Маҳса Аминийнинг ўлимига қарши бир ойдан ортиқ давом этаётган намойишлар фонида содир бўлди. У 13 сентябр куни Теҳронда полиция томонидан ҳибсга олинган ва бир неча кундан кейин шифохонада вафот этган. Яқинларининг сўзларига кўра, ўлимга ҳибсхона вақтидаги калтаклар сабаб бўлган. Полиция зўравонлигига қарши бошланган норозилик намойишлари ҳукуматга қарши намойишларга айланди.

Iran Human Rights (IHR) маълумотларига кўра, Эроннинг турли шаҳарларида ўтказилган намойишлар чоғида 240 киши ҳалок бўлган. Ҳибсга олишлар давом этмоқда: пойтахтда аллақачон 300 дан ортиқ одам «мамлакат хавфсизлигига путур етказиш мақсадида йиғилиш ва тил бириктириш», «ҳукуматга қарши ташвиқот қилиш», «жамоат тартиби ва тинчлигини бузиш»да айбланган.

Мавзуга оид