23 октябрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмасининг Facebook’даги саҳифасида шу йилнинг 1 октябрь куни Ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинган, Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида кўзда тутилган (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) жиноятни содир этишда гумонланаётган ургутлик эркак ички ишлар ходимлари томонидан қийноққа солингани, оқибатда гумонланувчининг учта қовурғаси сингани ва тана қисмида жароҳат излари мавжудлиги ҳақида хабар берилган.
Қайд этилишича, ҳибсга олингандан сўнг ушбу шахс қарийб 20 кун давомида на яқинлари, на адвокат билан учраштирилмаган. Дастлаб вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасида сақланган эркак кейинчалик Каттақўрғон шаҳридаги тергов ҳибсхонасига ўтказилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ахборот хизмати ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили 23 октябрь куни 7-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, маҳбус А.Э. билан холи тарзда учрашганини маълум қилди.
Суҳбат давомида маҳбус «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси тарқатган маълумотни тасдиқлаган ва ўзига тан жароҳати етказган ходимларга нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам сўраган. Маҳбуснинг мурожаати унинг тиббий ҳолатига оид маълумотлар билан бирга Омбудсман номидан Бош прокуратурага юборилган.
ИИВ Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев Kun.uz мухбири билан телефон орқали мулоқотда маҳбус ҳибсхонага олиб келингунга қадар жароҳатланганини айтмоқда.
“Ҳолатни айни пайтда прокуратура ўрганмоқда. Бизнинг ходимларимиз унга куч ишлатмаган. Маҳбус ҳам прокуратурага ёзган аризасида қийноқ қўлга олинган вақтда Самарқанд вилоят ИИБ Жиноят-қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан қўлланганини айтмоқда. Бу воқеа ҳақиқатда содир бўлган ёки бўлмаганига прокуратура аниқлик киритмоқда. Бу ҳозирча маҳбус берган кўрсатма. Буни у прокурор билан учрашув вақтида айтган.
Маҳбус тергов ҳибсхонага олиб келингандан сўнг албатта тиббий текширув ўтказилади, баданида қандай чандиғи бор, қандай жароҳати бор, касалликлари аниқланиб, далолатнома тузилади. Текширув вақтида унинг қовурғасида камчилик аниқланган. Шифокорларимиз томонидан ушбу ҳолат аниқланганидан сўнг прокуратурага маълумот берилган.
















