Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматидаги делегациялар раҳбарлари мажлисида иштирок этди.
Тадбирда Европа кенгаши президенти Шарл Мишел, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Ҳожамират Гелдимиратов ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёв ўз нутқида Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас тус олган ислоҳотларнинг асосий устувор вазифаси самарали фаолият кўрсатадиган бозор механизмларига, юқори ҳаёт даражаси ва қулай турмуш шароитларига эга кучли ҳуқуқий давлатни барпо этишдан иборат эканини таъкидлади.
«Биз эришган муваффақиятларимиз билан чекланмаймиз ва янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу ўринда гап, аввало, қонуннинг сўзсиз устуворлиги, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳақида бормоқда», - деди давлат раҳбари.

Иқтисодий соҳада бундан буён ҳам тадбиркорлар учун энг қулай шароитларни яратиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, рақобат ва инновацион бизнес муҳитининг ривожланишини рағбатлантириш давом эттирилиши қайд этилди.
Яхши қўшничилик ва минтақавий шерикликни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев «биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит вужудга келгани, бир неча ўн йиллар мобайнида йиғилиб қолган, ҳал этилишига ҳеч ким ишонмай қўйган кўплаб муаммолар бир неча йил давомида бартараф этилгани»ни таъкидлади.
Бугун вазият тубдан ўзгарди. Визасиз режим жорий қилинди, барча ўтказиш пунктлари очилди. Авиақатновлар ва ер транспортида ташишлар кўпайди.
Кооперация алоқалари кучайиб бормоқда, йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестиция компаниялари ва бошқа молиявий воситалар фаолияти йўлга қўйилди.
«Албатта, минтақада ҳали ҳам ўз ечимини топмаган масалалар бор. Бироқ ишончимиз комилки, бизнинг кучли сиёсий иродамиз ва умумий бунёдкорлик руҳи минтақадаги қардош мамлакатлар ва халқларни янада яқинлаштиришга хизмат қилади», - деди Ўзбекистон етакчиси.



















