13:42 / 27.10.2022
10093

Хитой АҚШни ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди

Дунё тинчлигини мустаҳкамлаш учун Хитой ва АҚШ бир-бири билан тил топишишни ўрганиши керак, деди ХХР раиси Си Жинпинг. У икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқаларни кенгайтиришга чақирди.

Фото: AP

Хитой раҳбари Си Жинпинг АҚШни ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди. «Дунё тинчлигини таъминлаш учун икки давлат бир-бири билан келишиш йўлларини топиши керак. Бугун дунё на тинч, на осойишта. Қўшма Штатлар ва Хитой халқаро барқарорликни таъминлаш учун биргаликда ҳаракат қилишлари керак», - деди Хитой раҳбари ушбу мавзудаги нутқида. Унинг сўзлари Хитой давлат телевидениеси томонидан келтирилган.

Си Жинпингнинг сўзларига кўра, «дунёдаги қудратли давлатлар сифатида Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги алоқа ва ҳамкорликнинг кучайиши глобал барқарорликни мустаҳкамлашга, бутун дунё бўйлаб тинчлик ва тараққиётга ёрдам беради». Хитой раҳбари ўз мамлакати «икки давлатнинг янги даврда бир-бири билан келишиб олишига имкон берадиган йўлларни излашда ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш шароитида Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилишга» тайёрлигини таъкидлади. Бу нафақат АҚШ ва Хитойга, балки бутун дунёга фойда келтиради, деди Си.

Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатлар ҳозирда Тайван мақоми ва Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли жуда таранг. Улар Пекин норозилигига қарамай, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси раиси Ненси Пелоси ва бир гуруҳ америкалик конгрессменларнинг Тайванга намойишкорона ташрифларидан кейин кескин авж олди. Кейинроқ Германия Бундестаги депутатларидан иборат делегация ҳам Тайванга ташриф буюрди. 

Хитой Тайванни исёнкор провинция деб ҳисоблайди ва уни керак бўлса, куч билан назорат остига олиш билан таҳдид қилмоқда. Қўшма Штатлар Тайван мустақиллигини расман тан олмайди, бироқ айни пайтда унга кенг кўламли ёрдам, жумладан, ҳарбий ёрдам кўрсатади. 

Top