Жаҳон | 07:44 / 28.10.2022
13289
2 дақиқада ўқилади

Германия дронлар билан курашиш учун лазер қуролини муваффақиятли синовдан ўтказди

«Саксония» фрегатида лазер қуролларининг синовлари дронларга қарши муваффақиятли курашни кўрсатди ва Германия ҳарбий-денгиз кучлари учун лазер қуроллари тизимини яратиш учун асос бўлади.

Фото: EDR

Германия қуролли кучлари (Бундесвер) учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталардан ҳимоя қилиш учун лазер қуролларининг илк синовларини ўтказди. 27 октябр, пайшанба куни Бундесвернинг Ускуналар, ахборот технологиялари ва қўллаб-қувватлаш бўйича федерал идораси (BAAINBw) хабарига кўра, Саксония фрегатида ўтказилган синовлар ҳаракатланувчи нишонларни «жанговар шароитларда муваффақиятли бартараф этиш» мумкинлигини исботлади. Унинг сўзларига кўра, синовлар мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари учун оператив лазерли қуроллар тизимини ривожлантиришга асос бўлади.

Ускуна юк ташиш контейнерига ўрнатилган бўлиб, мақсадни аниқлаш ва маълумотларни қайта ишлаш тизимларини, шунингдек, лазерни ўз ичига олади. Бўлажак тизим ўзининг имкониятларидан келиб чиқиб, айниқса кичик ва ҳаракатланувчи нишонлар билан курашиш учун мос келади, дея таъкидлади бўлим. Бундан ташқари, миномёт снарядлари ва бошқариладиган ракеталардан ҳимоя қилиш мумкин, деди BAAINBw вакиллари.

Лойиҳани амалга оширишда Европанинг MBDA мудофаа компанияси ва Германиянинг Rheinmetall муҳандислик концерни иштирок этди. Уларга кўра, август ойи охирида Шлезвиг-Голштейндаги Бундесвер полигони яқинида денгизда ўтказилган синовларда тизим яқин масофадан дронларга қарши курашда ўзини муваффақиятли исботлаган. Кейинги синовлар 2023 йилнинг ўрталарига қадар ўтказилади.

Dpa агентлигининг қайд этишича, сўнгги йилларда Бундесвер дронлардан ҳимояланишга тайёр эмаслиги аниқланган. Германия федерал ҳукумати ҳарбийларнинг огоҳлантиришларига ва бошқа мамлакатлар эришган ютуқларга қарамай, йиллар давомида бу масалани эътиборсиз қолдирди.

Мавзуга оид