Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-309-сонли қарори ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Унда Республиканинг 15 тадан ортиқ Олий таълим ва илмий текшириш институтларидан 100 тадан ортиқ ёш олимлар ва мутахассислар қатнашишди.

Анжуманни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берди ҳамда нефть ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан тўғри татбиқ қилиш бугунги кунги энг асосий вазифалардан бири эканини таъкидлади.

Таълим ва илмий-изланиш ташкилотлари раҳбар ҳамда мутахассислари, талаба ва изланувчилар, яна бир томондан эса ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари бир жамоа бўлиб бу анжуманда иштирок этаётганининг ўзи дастлабки ютуқ деб биламан, деб таъкидлади Меҳриддин Абдуллаев.

Бугунги анжуманнинг мақсади – нефть ва газ соҳасида ҳар уч томон, яъни Ҳукумат, таълим, илм-фан соҳаси ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, нефть ва газ ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш бўйича инновацион технологиялар билан танишиш, шунингдек бошқа долзарб мавзулар бўйича муҳокамалар ўтказиш учун ягона майдон яратишдир.

Юқорида қайд этилган қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” жамиятининг 3 та ишлаб чиқариш корхоналари, 6 та таълим ташкилоти ва 4 та илмий-тадқиқот ва малака ошириш муассасаларидан иборат Нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилди.

Олий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнларига ишлаб чиқариш корхоналарининг 20 нафар малакали ва тажрибали мутахассислари жалб қилинди, 1318 нафар талаба ҳамда 48 нафар профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ва стажировка ўтиши ташкил этилди, 27 нафар иқтидорли талабалари учун ишлаб чиқариш корхоналари стипендиялари жорий этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқариш корхоналарининг 24 нафар ходимига бакалавриатурада ва 6 нафар ходимига магистратурада ўқиш учун тавсиянома берилди ва шартнома тўловлари ишлаб чиқариш корхоналари томонидан амалга оширилади.