13:03 / 28.10.2022
6392

Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши раиси Шарл Мишел билан учрашди

Европа кенгаши раиси Шарл Мишел 27 октябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Бугун, 28 октябрь куни тонгда олий мартабали меҳмон Янги Ўзбекистон боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. 

«Кўксарой» қароргоҳида Шарл Мишелни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Улар биргаликда суратга тушди. Сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.

Тор доирадаги учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатдаги янгиланишлар ва ислоҳотларни, инновациялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш соҳаларида амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги биргаликдаги ишларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистон томонидан «Марказий Осиё - ЕИ» форматидаги саммитда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни рўёбга чиқариш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлаш масаласи келишиб олинди.

Президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадовнинг хабар қилишича, музокаралар чоғида мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

«Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида Европа Иттифоқи билан амалга оширилаётган жуда яқин ва очиқ ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Ушбу йўналишдаги ишларнинг натижаларини баҳолаш ва оммавий ахборот воситаларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди», дейилади хабарда.

Top