Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланиб келаётган асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Валентина Чупик Kun.uz билан суҳбатда Россияда қабул қилиниши режалаштирилаётган ҳужжатга кўра ушбу мамлакат меҳнат муҳожирлари учун ҳақиқий миграция концлагерига айлантирилиши ҳақида гапирди.

— Сиз билан муҳожирларимиз ҳақида, шу билан бирга Россия фуқаролигини олган ўзбекларимиз ҳақида суҳбат қилгандик, ҳарбий сафарбарлик шароитида қандай йўл тутишлари кераклиги ҳақида. Ўйлайманки, сизда бу ҳақда айтадиган, тавсия қиладиган, огоҳлантирадиган гаплар тўпланиб қолган...

— Аввало сизларга ва бошқа оммавий ахборот воситаларига, ҳарбий сафарбарлик эълон қилинган биринчи кундан бошлаб Россияни тарк этиш зарурлиги ҳақида маълумот тарқатганларга катта раҳмат айтмоқчиман. Биз сиз билан уддаладик, бу ёрдам берди – урушга кетаётганларнинг даҳшатли тўлқинини пасайтирди. Натижага эришганимиздан жуда хурсандман.

Ўйлайманки, биз кўпчилик мигрантлар учун сафарбарлик муносабати билан Россияда нима содир бўлаётганини тушуниш муаммосини ҳал қилдик: бу уларга ҳеч қандай яхшилик олиб келмаслигини улар тушунишди. Улар бунинг зўравонлик эканлигини, жиноят эканлигини тушуниб етишяпти ва уларнинг кўпчилиги Украинага боришни хоҳламаяпти. Гарчи алоҳида истисноли ҳолатлар, у ерга боришни истаганлар бор бўлса-да. Мана ҳозиргина мен Украинага боришни истаганлардан бири билан гаплашдим...

Валентина Чупик

Нима дердик, ҳар ким ўз жонига қасд қилиш йўлини ўзи танлайди, албатта... Агар инсон ўзини шарманда қилмоқчи бўлса, оиласини шарманда қилмоқчи бўлса, бу унинг танлови.

Келинг, энди мигрантлар учун энг долзарб бўлган нарсалар ҳақида гапирайлик.

Шу кунларда [Россия президенти Владимир] Путин Россия хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди. Унда миграция масаласи ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинди. Натижада, «мигрантлар инсониятнинг асосий душмани» деб эълон қилинган сирли ҳужжат пайдо бўлган. Менимча, бу ҳужжатнинг ўзи сохта, чунки ҳужжатлар бундай расмийлаштирилмайди, лекин хавфсизлик кенгаши йиғилиши қандай руҳиятда ўтганини англатади.

Мужда тўғри ва аниқ етказилган: улар муҳожирларни душманга айлантирмоқчи. Муҳожирлар Россияни тарк этаётганини тушунишяпти. Мигрантларни нафақат Украинага «гўшт» вазифасини бажариш учун, балки Россияда қуллик шароитида мудофаа буюртмаларида бепул ишлатиш мумкинлигини тушунишяпти. Улар шу тарзда муаммоларини ҳал қилишга уринишяпти.