Исроилликлар яна ўнг қанот ва сўл марказчилар ўртасида танлов қилиши керак. Ҳеч ким ишончли устунликка эга эмас, барчаси яна беқарор коалиция тузилишига олиб келиши мумкин. Фото: BLOOMBERG

Турли йўналишдаги партиялар вакилларидан иборат бўлган ва Бенямин Нетаняҳуни ағдариш учун бирлашган аввалги ҳукумат бир ярим йил ҳам фаолият юритмади.

Парчаланишнинг расмий сабаби Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилидаги яҳудий аҳоли яшаш манзиллари мақоми масаласи бўлиб, кутилганидек, коалицион ҳукуматдаги ўнг марказ ва араб партиялари бу борада келиша олмади.

Лекин, ҳозирги ҳукумат ички ва ташқи майдонда бошқа муҳим ютуқларга эришмагани ҳисобга олинса, бу ягона сабаб эмас.

Ёзда бешинчи сайловлар ўтказилиши ойдинлашгач, ижтимоий фикр сўровлари кўпчилик исроилликларни фақат иқтисодиёт хавотирга солаётганини кўрсатди. Аммо октябр ойи кўп нарсани ўзгартирди.

Жамиятдаги ғалаён

Дунёнинг ярми Россия ва Украина ўртасидаги уруш масаласида Исроилни бетараф позицияси учун танқид қилаётган бир пайтда, Эрон жуда самарали тарзда Москва тарафига ўтиб олди.

«Эрон баллистик ракеталарни Россияга бераётгани маълум бўлди. Бу қонли можарода Исроил қандай позицияни эгаллаши кераклиги ҳақидаги шубҳалар йўқолди. Украинага худди АҚШ ва НАТО сингари ҳарбий ёрдам бериш вақти келди», деб ёзди Исроилнинг диаспора ишлари бўйича вазири Нахман Шай.

Шунда ҳамма Шай сўзларини Исроил раҳбарияти сиёсатининг ўзгариши аломати сифатида баҳолади. Чунки бу мамлакат Россия-Украина  можаросида бетараф бўлиб келаётган, Украинага қурол беришни истамаган (лекин гуманитар ва тиббий ёрдам кўрсатган), Россияга қарши санкциялар қўлламаган ва ҳатто Киев билан Москва ўртасида воситачи бўлишни таклиф қилган эди, лекин муваффақиятсиз.

Аммо ҳеч нарса бўлмади. Шу куни Исроил мудофаа вазири Бенни Ганц Украинага қурол-яроғ етказиб берилмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Аммо Диаспора ишлари бўйича вазирнинг сўзлари Исроил жамиятида бирмунча вақтдан бери давом этаётган жараёнларни кучайтирди. Уларнинг натижаларини эҳтимол 1 ноябр куни якунига қадар кўришимиз мумкин.

Нетаняҳу ўйинга қайтдими?