Сўнгги ҳафтада АҚШ воситачилигидаги музокаралар қандай ўтди?

Камолиддин Раббимов: Агар Россия матбуоти ва пропагандасига эътибор берадиган бўлсак, бу сафар Жаред Кушнер ва Стив Уиткоффнинг Москвага келишига аввалгидан кўра ижобийроқ муносабат билдирилганини кўрамиз. Россия бу сафар Америка воситачилигига нисбатан анча катта манфаатдорлик намойиш этмоқда. Аввал ҳам Москва АҚШ воситачилигини маъқуллагандек кўринар, бироқ амалда ўз сиёсатини давом эттирарди. Ҳозир эса вазият ўзгарган. Бунинг бир неча сабаби бор.

Биринчидан, Россия-Украина уруши Россиянинг бевосита ички ҳудудларига кўчди. Россиянинг энергетика тизими жиддий зарба олди. Йирик интернет-дўконлари ва логистика тармоқларига ҳужумлар иқтисодий ва ижтимоий босимни кучайтирмоқда. Айрим ҳудудларда ёқилғи таъминотидаги муаммолар сабаб автомобиллар учун километрлаб навбатлар юзага келмоқда.

Буларнинг барчаси Россиядаги ижтимоий кайфиятга таъсир қилмоқда. Уруш энди Россия жамияти учун фақат телевизор экранларидаги воқеа эмас. У кундалик ҳаётга, одамларнинг даромади, ҳаракати ва хавфсизлигига бевосита таъсир қила бошлади.

Россияда яшаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатларда ҳам бу ўзгаришни сезиш мумкин: илгари уруш кўпроқ сиёсий масала сифатида қабул қилинган бўлса, ҳозир унинг оқибатлари кўпчиликнинг шахсий ҳаётига ҳам кириб келмоқда. Натижада Украинага нисбатан салбий муносабат янада кескинлашмоқда.

Иккинчи муҳим омил – Доналд Трампнинг сиёсий вақти қисқариб бормоқда. Унинг президентлик муддатининг икки йилдан ортиқ қисми ўтиб бўлди. Агар оралиқ сайловларда республикачилар Конгрессдаги устунлигини йўқотса ва демократлар кучайса, АҚШнинг Россия-Украина урушидаги воситачилик сиёсати сезиларли даражада мураккаблашиши мумкин. Конгрессда Украинани қўллаб-қувватлаш тарафдори бўлган кучлар яна устунлик қилса, Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдамни кучайтириш эҳтимоли ҳам ортади. Шу нуқтайи назардан, Россия учун ҳозирги давр сиёсий имконият сифатида кўрилмоқда.

Албатта, Украина ҳам осон вазиятда эмас. Аввалги суҳбатларимизда таъкидлаганимиздек, ваъда қилинган маблағларнинг фақат чорак қисми етиб келгани Киевнинг имкониятларини чеклаб қўймоқда. Шунинг учун Москва Трамп маъмуриятининг воситачилигида ҳозир келишувга эришиш имкониятини қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилмоқда.

Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Путин билан қандай мулоқот қилиш, Россия раҳбари билан музокараларда қандай оҳангдан фойдаланиш кераклигини яхши тушунишларини таъкидламоқда. Яъни Вашингтон бу музокараларда кескин босимдан кўра, Путиннинг сиёсий ва психологик ёндашувларини ҳисобга оладиган эҳтиёткор дипломатияни танламоқда. Путин эса ҳозирги вазиятда бундан яхшироқ воситачилик форматини топиш қийинлигини англаётган бўлиши мумкин. Шу сабабли Россия АҚШнинг мавжуд воситачилик имкониятидан максимал даражада фойдаланишга ва урушнинг кейинги босқичига ўтишдан олдин ўз манфаатларини музокара орқали мустаҳкамлашга уринмоқда.

Шавкат Саидов: Ҳақиқатан ҳам, ҳозир Украинанинг Россия ички ҳудудларига зарба бериш стратегияси маълум бир самара бермоқда. Бу стратегиянинг асосий мақсади – Россия жамиятини урушдан чарчатиш ва шу орқали Владимир Путин ҳамда унинг атрофидаги элитани музокараларга мажбур қилиш. Бироқ ҳозирги ҳарбий вазиятга қарайдиган бўлсак, дронлар, баллистик ва қанотли ракеталардан фойдаланиш бўйича устунлик Россия томонида. Хусусан, Искандар-М ва янги Искандар-1000 каби ракета тизимларидан фойдаланиш Россиянинг зарба бериш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Россия Қора денгиздаги Украина имкониятларини ҳам сезиларли даражада чеклаб қўйди. Кейинги зарбалар эса Украинанинг ғарбий ва жануби-ғарбий йўналишларидаги логистика алоқаларига қаратилмоқда. Молдова билан чегара ҳудудлари, ундан олдин эса Руминия билан боғлиқ йўналишларга берилган зарбалар шундан далолат беради. Доналд Тускнинг сўнгги баёнотларига кўра, Полша ва Украина ўртасидаги муҳим чегара ҳамда логистика пунктларига зарба берилиши эҳтимоли ҳақида разведка маълумотлари олинган.

Агар бу маълумотлар тасдиқланса, Россиянинг мақсади Украинанинг Ғарб билан асосий логистика алоқаларини янада заифлаштириш бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Дунай дарёсидаги сув сатҳининг пасайиши ҳам Украинанинг айрим логистика имкониятларига таъсир қилмоқда. Шу билан бирга, Россия Киевдаги муҳим инфратузилма объектларини нишонга олиб, Днепр дарёси билан икки қисмга бўлинган шаҳарнинг транспорт ва таъминот тизимига босимни кучайтиришга уринмоқда. Фронтдаги вазият ҳам умумий манзарани мураккаблаштирмоқда.

Суми ва Харкив йўналишларида Россия қўшинлари фаоллигини сақлаб қолмоқда. Жанубда, Лиман йўналишида эса Украина қўшинлари қарши ҳужум ҳаракатларига ўтган. Агар кейинги уч-тўрт ойлик даврни ҳисобга оладиган бўлсак, умумий вазият келгусида Украина учун мураккаб кечиши мумкин. Европадан молиявий ва ҳарбий ёрдам етарли даражада эмас, айниқса ракеталар ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари тақчиллиги сезилмоқда. Шу сабабли Киев Ғарб давлатларидан ракета ва ҳаво мудофааси тизимларини кўпроқ етказиб беришни изчил талаб қилмоқда. Шу нуқтайи назардан, ҳозирги вазият Россияга нисбатан Украинага оғирроқ тушмоқда, деб ҳисоблаш мумкин.

Музокарачиларнинг келиши эса айнан шу шароитда муҳим аҳамият касб этади. Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф, аввало, Россия ва Украинани музокара столига олиб келиш ҳамда келишувга эришишдан манфаатдор. Бу Доналд Трамп учун ҳам жуда муҳим, чунки у урушни тугатиш борасида катта ваъдалар берган. АҚШдаги ички сиёсий вазият ҳам бу жараёнга бевосита таъсир қилиши мумкин. Трампга қарши бўлган демократлар ва ҳатто айрим республикачи элиталар унинг сиёсий заифлашишидан манфаатдор. Чунки Трамп “Америка биринчи ўринда” сиёсатини илгари суриб, АҚШнинг анъанавий иттифоқчилари билан муносабатларда кескинроқ ёндашувни танламоқда. Бу эса Ғарбнинг ягона сиёсий тизим сифатида ҳаракат қилишига таъсир қилаётган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда. Шу сабабли Трамп учун урушни имкон қадар тезроқ тугатиш сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим.

Зеленский ҳам дастлаб урушни қишгача, яъни йил охиригача тугатиш зарурлигини таъкидлаган эди. Кейинчалик эса музокаралар ва эҳтимолий келишув муддатлари баҳоргача чўзилиши мумкинлиги ҳақида фикрлар пайдо бўлди. Ҳатто уруш 2028 йилгача давом этиши мумкинлиги ҳақидаги прогнозлар ҳам янграмоқда. Демак, ҳозир вазият бўйича турли ва бир-бирига зид қарашлар мавжуд. Аммо Кушнер ва Уиткоффнинг ёндашувида муҳим жиҳат шуки, Россияда якуний қарорни қабул қилиш ваколати асосан Путиннинг ўзида. Жамоатчилик кайфияти ва ички сиёсий жараёнлар унга маълум даражада таъсир қилиши мумкин, аммо Россия тизими Европа давлатлари ёки АҚШдаги сиёсий механизмлардан фарқ қилади. Уларнинг фикрича, Москва ҳозир қисқа муддатли сулҳдан унчалик манфаатдор эмас.

Россия урушни вақтинча тўхтатиш эмас, балки кейинчалик янги можаро келиб чиқишининг олдини оладиган кенгроқ тинчлик келишувини истамоқда. Яъни Москва учун оддий сулҳ эмас, урушнинг якуний шартларини белгилайдиган келишув муҳим.

Шу билан бирга, Россия президенти уч томонлама музокараларга ҳам рози эканини билдирмоқда. Зеленский ҳам АҚШ, Россия ва Украина иштирокидаги музокаралар форматини рад этмаяпти. Шунинг учун ҳозирча бу жараённинг қандай якунланишини олдиндан аниқ прогноз қилиш қийин. Томонларнинг музокарага тайёрлиги мавжуд, бироқ уларнинг урушни қандай шартлар асосида тугатиш борасидаги позициялари ҳануз кескин фарқ қилмоқда.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.