Имконияти чекланган тушунчаси нисбий, назаримда. Инсоннинг мияси ишлаб, юраги уриб турар экан, унинг имкониятини чеклаб бўлмайди. Бразилиялик 17 яшар Витория ҳам атрофдагилар наздида имконияти чекланган эди...
Бола қўлсиз туғилади
Буэно ҳомиладорлик пайтида генетик аномалия ҳақида огоҳлантирилган. Генетик аномалия - ген ва хромосома мутациялари натижасида вужудга келадиган морфофункционал бузилиш. Ген мутациялари онтогенезнинг турли босқичларида органлар ва тўқималар морфогенезини бузиши мумкин. Ҳужайралардаги хромосомалар сони ёки уларнинг тузилиши ўзгариши одатда эмбрион ривожланишининг тўхташига ёки жиддий нуқсонлари бўлган шахснинг туғилишига, репродуктив функциялар бузилишига олиб келади.
Aёл ҳаммасини тақдир измига топширади. Агар туғилиши керак бўлса, уни бор нуқсони билан қабул қилишини, нима бўлган тақдирда ҳам фарзандига меҳр бериб катта қилишини айтади. Лекин вужудида уриб турган митти юракчадан воз кечмайди.
“Уйимиз ёнида ғалати одамлар тез-тез йиғилиб, қизим билан сайрга чиқишимни кутишарди. У улар учун цирк маймунига ўхшарди, ҳатто енгини очиб кўрадиганлар ҳам бўларди”, деб эслайди Ванда Буэно
Виториянинг онаси ҳеч кимга эътибор бермасдан, қизини меҳр билан катта қилади. Фарзанди беш ёшга кирганда физиотерапевт унинг рақс билан шуғулланишини маслаҳат беради. Витория кўплаб рақс турларига қатнашиб, ўзини синаб кўради ва балетда тўхталади.
Ҳадик ва хавотир
Боласи чақалоқлигиданоқ кўпчилик томонидан масхара қилинган Буэно Виториянинг катталар ва болалар томонидан қандай қабул қилинишидан хавотирга тушади. Шундай бўлса-да, фарзандини уйда, одамлардан панада асрамайди. Буэно беш ёшли қизини балет синфига олиб келади.

Қизалоқнинг истеъдоди уни ижтимоий тармоқ юлдузига айлантиради ва кўпчилик учун у илҳом манбаи, ироданинг жонли тимсоли ҳисобланади.
Қўллари йўқлигига қарамай, жамоавий чиқишлар пайтида у шериклари билан ҳамоҳанг тарзда ҳаракат қилади, шунинг учун унинг қўллари йўқлигини бутунлай унутишингиз мумкин.

Рақс орқали олинган куч ва мослашувчанлик нафақат орзуни рўёбга чиқариш, балки тишларини чўткалашдан тортиб, оёқлари билан супермаркетлар жавонидан нарсаларни танлашгача бўлган ҳамма нарсани бажарадиган Витория Буэно учун жуда муҳим эканлигини исботлади.
























