29 октябр куни Россия мудофаа вазирлиги ва ТИВ мамлакат БМТ ва Туркия ҳамкорлигида озиқ-овқат экспорти учун Украина жанубидаги портларни блокдан ечиш бўйича тузилган келишувдаги иштирокини «номаълум муддат»га тўхтатишини маълум қилди. Россия бунга РФ Қора денгиз флотининг ушбу «ғалла йўлаги» хавфсизлигини таъминлашда иштирок этган кемаларига «ёппасига авиация ва денгиз кучлари орқали зарба берилиши»ни сабаб қилиб келтирган.

Россия томонига кўра шанба куни «украин қуролли кучлари гуманитар йўлак ниқоби остида [...] учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасида Россия Қора денгиз флотининг кемалари ва инфратузилмасига авиация зарбалари йўллади». Россия Севастополни 2014 йилда ноқонуний равишда аннексия қилиб олган.

Шу билан бирга, Россия ТИВ маълумотига кўра, ҳужумни «британиялик мутахассислар томонидан бошқарилган украин қуролли кучлари» амалга оширган.

Москвадагилар энди РФ денгиз йўли хавфсизлигини таъминлай олмаслиги ва шу туфайли уни бир томонлама ёпишини қўшимча қилишди. Россия идоралари баёнотидан бир соат ўтиб РФнинг БМТ қошидаги доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский Телеграм-каналида Россия БМТ Бош котибини келишувдаги иштирокини тўхтатгани ҳақида расман хабардор қилганини маълум қилди.

Якшанба куни Россия мудофаа вазирлиги Севастополда кемаларга ҳужум қилинган ҳудудда уриб туширилган дронлар парчалари сувдан олиб чиқилгани ҳақида маълум қилди. Ҳарбий идорадагилар тасдиқлашича, дронлар Одесса яқинидаги соҳилдан учирилган ва уларга Канада навигация модуллари ўрнатилган бўлган. Вазирликка кўра, дронлар «ғалла келишуви» доирасида ташкил этилган хавфсиз йўлак бўйлаб ҳаракатланган, кейин эса йўналишни ўзгартириб, Севастополдаги Россия кемалари томон учган.

Мудофаа вазирлиги версиясига кўра, дронларни «Буюк Британия вакиллари раҳбарлиги остидаги Киев режими» ҳавога кўтарган, россиялик ҳарбийлар бу «навигация приёмниги хотирасидан ўқилган маълумотлар қайта тикланиши натижаларига кўра аниқлангани»ни айтишган.

«Денгиз дронларидан бирининг ҳаракат координаталари Қора денгиздаги «ғалла йўлаги» хавфсизлик зонасининг денгиз ҳудудидаги бошланғич нуқтасини кўрсатди», дейилади вазирлик хабарида. Вазирлик мутахассислари тахмин қилишича, дронлар «Киев ёки унинг ғарблик ҳомийлари Украина денгиз портларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиб чиқиш учун ижарага олган» фуқаролик кемаларидан бирининг саҳнидан учирилган».

«Эпик кўламдаги ёлғон»