Россия расмийлари Украинани паст қувватли «ифлос бомба» ядро қуролини яратаётганликда айблаганидан сўнг, МАГАТЭ Украинадаги учта ядро иншоотини текширди. Текширув ўтказилган жойларда ядровий фаоллик ва материаллар белгиси топилмади, дейилади МАГАТЭ баёнотида. 

«МАГАТЭ инспекторлари Украина ҳукумати сўровига кўра, ушбу мамлакатнинг учта жойида текширув ўтказди ва декларация қилинмаган ядровий фаолият ва материаллар белгисини топмади», — дейилади агентлик хабарида. 

«Ифлос бомба» радиологик қуролнинг оддий варианти бўлиб, унинг асосий зарари портлаш туфайли эмас, балки радиоактив моддаларнинг тарқалиши билан боғлиқ. 

Аввалроқ, Россия Мудофаа вазирлиги Украинани «ифлос бомба» яратишга тайёргарлик кўраётганликда айблаган эди. 23 октябр куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Украина ихтиёрида «ифлос бомба» йўқлигини айтди.