Хўш, Самарқанд саммити кун тартибидан қандай масалалар муҳокамаси ўрин олган? Бугун бу ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрни қандай ва унинг ўзи сингари бошқа бирликлардан сустроқ фаолиятига нималар сабаб бўляпти?
Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволлар билан Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ва сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовни суҳбатга таклиф қилди.
– Дастлаб бу ташкилот ва бир йил аввал Туркиянинг “Демократия ва Озодлик” оролида ўтилган янги босқич билан унинг мазмунида нималар ўзгаргани ҳақида фикрларингизни билмоқчиман.
Ташкилот бугун ва истиқболда ўз аъзоларига нималар беради? Унинг якуний мақсади аниқ белгилаб олинганми? Шунингдек, унда интеграцияни чуқурлаштириш борасидаги асослар қанчалик мустаҳкам қўйилган?
Мирвоҳид Азимов:
– Дарҳақиқат, 11 ноябр куни Туркий давлатлар ташкилоти номини ўзгартиргандан кейинги илк саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унинг аҳамияти шундаки, бу саммит биринчи бор Ўзбекистон ҳудудида ўтказилмоқда. Ташкилот ҳақида гапирадиган бўлсак, у умумий тил, анъанавий ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлик асосида қурилган бўлса-да, бугунги кунда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг самарали бирлигига айланди. Ташкилотнинг ривожланиш босқичларини учга бўлиш мумкин. Ўзбекистон мустақилликка эришган вақтларда, яъни 1992 йил Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммити бўлиб ўтади. 2009 йилгача бу давлат раҳбарлари саммити сифатида фаолият юритади. 2009 йил ташкилот ривожланишининг иккинчи босқичи деб аталади ва бу даврда Нахичеван битими имзоланади. Унга асосан туркий тилли давлатлар кенгаши халқаро ташкилот сифатида ташкил қилинади ва унинг низоми тасдиқланади.

Ўзбекистон 2019 йилда ушбу кенгашга тўлақонли аъзо сифатида қўшилади. Ўтган йилги Истанбул саммитида бу ташкилот номини Туркий давлатлар ташкилоти дея ўзгартиради. Бунинг ўзига хос рамзий маънолари мавжуд. Истанбул саммитида нафақат ташкилот номи ўзгарди, балки мазмун жиҳатдан ҳам ўзгаришлар бўлди. Туркий дунё нигоҳи деб номланган 2040 йилга мўлжалланган стратегик ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳужжатда олдимизга қўйилган мақсадлар тўрт соҳага мўлжаллаб, аниқ-равшан қилиб қўйилди. Булар сиёсий, савдо-иқтисодий, халқлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ва халқаро ҳамжамият билан туркий давлатларнинг алоқаларидир. Бу ташкилотнинг асосий вазифаси туркий давлатлар ўртасида турли соҳада алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ишонч муҳитини шакллантириш ва халқаро муносабатларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашдан иборат.

















