Уруш янги босқичга кирди. Фронтдаги қўшинлар лойгарчилик ичида қолган бир пайтда икки томон ҳам қишдаги қатъий ҳаракатлар учун куч тўпламоқда. Аммо тайёргарлик фуқароларни сафарбар қилиш, уларга машғулот ўтиш ва янги бўлинмалар тузиш билан чекланиб қолмайди. Ҳаводаги устунлик учун курашнинг навбатдаги босқичи бошланди (бусиз уруш ҳамиша турғун ҳолатга ўтади). Бунга эришиш учун украинлар ҳам, айниқса Россия қўмондонлиги рақиб авиацияси ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мунтазам равишда ҳаракатга келтириб, уларни кўпроқ ўқ-дори сарфлашга ва имкон қадар кўпроқ ташувчиларни — самолёт ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қурилмаларини йўқотишга мажбур қилмоқда. Катта эҳтимол билан Москва айнан шунинг учун Украинанинг муҳим инфратузилмаларини (электр станциялари ва электр нимстанциялари) бомбардимон қилмоқда, чунки Украина бундай объектларни ҳимоя қилиш учун барча воситаларни ишга солишга мажбур. Ғарб бунга жавобан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришни фаоллаштирмоқда. Қишки ва баҳорги кампаниялар натижаси ҳозирги курашда ким устун келишига боғлиқ.

Россиядаги сафарбарлик жанглар боришига қандай таъсир қилди?

Россия армияси учун сафарбарлик — бутунлай янги босқич: шу вақтгача армия босқинга қадар тўпланган кучлар ва воситалар билан амаллаётганди. Очиқ манбаларда аниқ рақамлар йўқ, аммо айтиш мумкинки, сентябрга қадар фронтга келган «кўнгиллилар» Россия армиясидаги йўқотишлар ўрнини тўлдира олмаётганди. Кузга келиб урушдан олдинги қуруқлик кучлари бутунлай ҳолдан тойди ва бу РФ қуролли кучларининг мағлубиятларига олиб келди: Харкив области шарқида оғир мағлубиятга учралди, Херсон областида ҳам эгаллаб олинган катта ҳудудлар бой берилди. Шу туфайли Кремль сафарбарлик эълон қилишга мажбур бўлди.

Аммо Украинадаги Россия гуруҳини шунчаки сон жиҳатдан ошириш (расмий баёнотларга кўра 300 мингдан ортиқ киши сафарбар этилган — гуруҳ сезиларли даражада йириклашади) вазият тубдан ўзгаришини кафолатламайди:

  • Биринчидан, сафарбар қилинганлардан ҳали жанговар бўлинмалар ва тузилмалар ташкил этиш керак.
  • Иккинчидан, қисмларни қуроллантириш ва бошқа керакли жиҳозлар билан таъминлаш талаб этилади. Бу эса аллақачон муаммоли ҳолат: барча сафарбар қилинганларга ҳам индивидуал ҳимоя воситалари, тиббий тўпламлар ва ҳатто замонавий ўқотар қуроллар етишмаяпти. Катта эҳтимол билан, агар Россия қўмондонлиги сафарбар қилинганлардан кўплаб янги қўшинлар ташкил этишга қарор қилса, коллектив учун қуроллар, жанговар машиналар ва тажрибали офицерлар етишмовчилиги ҳам юзага чиқади. Бундай тузилмалар (бригада ва дивизиялар) кўп вақт давомида жиддий жанглар учун яроқсиз ҳолатда қолиши ҳақиқатга яқин.