13:22 / 07.11.2022
7931

Ўн минглаб афғонлар Германияга кўчиб ўтишни режалаштиряпти

Гуманитар ташкилотлар Германия ҳукуматининг Афғонистон фуқаролари учун янги дастурига кириш учун аризалар оқими кескин ортганини қайд этмоқда.

Фото: Reuters

Германияда афғон қочқинлари бўйича янги дастур расман бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб, бир қанча гуманитар ташкилотлар мурожаат этувчиларнинг катта оқими ҳақида хабар беришди. Mission Lifeline хайрия ташкилоти раҳбари Аксель Штайер 7 ноябрь, душанба куни Funke Mediengruppe'га берган интервьюсида «бизга ҳар дақиқада электрон хатлар келяпти», деди.

Унинг сўзларига кўра, ноябрь ойи бошига келиб, дастур бошланганидан икки ҳафта ўтиб, ташкилотга 17 мингта сўров келиб тушган. Kabul Luftbrücke ("Кобул ҳаво кўприги") гуманитар гуруҳи электрон почта, ижтимоий медиа аккаунтлар ва баъзи ҳолларда ходимларнинг шахсий электрон почта манзиллари орқали 15 000 та хабар олди. Reporter ohne Grenzen ("Чегара билмас мухбирлар") дастур учун 12 000 кишини рўйхатдан ўтказган ва яна 4 000 га яқин киши ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Октябрь ойи ўрталарида Германия ҳукумати Афғонистон халқига ёрдам кўрсатиш бўйича янги дастур бошланганини эълон қилди, унга кўра ҳар ой алоҳида хавф остида бўлган 1000 нафаргача одамни мамлакатдан эвакуация қилиш режалаштирилган. Дастур Германия ички ишлар вазири Ненси Фезер ва ташқи ишлар вазири Анналена Бербок томонидан келишилган. Бу биринчи навбатда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари, Афғонистонда "Толибон" ҳокимият тепасига келганидан кейин хавф остида қолган суд, полиция ходимлари ёки сиёсатчиларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ.

Бироқ Афғонистонни тарк этмоқчи бўлганлар мустақил равишда Германияга кўчиб ўтиш учун ариза топшира олмайди. Дастурга қўшилиш учун улар биринчи навбатда Reporter ohne Grenzen ва Kabul Luftbrücke каби гуманитар ташкилотлардан тавсиялар олишлари керак.

Top