Ўзбекистон | 14:56 / 08.11.2022
13316
2 дақиқада ўқилади

“Марказий Осиё бирлиги кучли бўлса, туркий дунё ҳам кучли бўлади” – Боғдод Амреев

Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби интервю давомида рус доираларида қўлланадиган “пантуркизм” атамаси ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.

Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Боғдод Амреев Kun.uz сайтига берган интервюсида Россиянинг айрим доираларида туркий халқлар бирлигига нисбатан қўлланадиган “пантуркизм” атамаси ва Марказий Осиё давлатлари интеграцияси ҳақида фикрларини билдирди.

“Пантуркизм” хавф эмас. Пантуркизм бу – туркий мамлакатларнинг бир-бирига яқинлашуви. Унда қандай хавф бўлиши мумкин?!

Бу жараённи бутун Россия давлатчилиги эмас, у ердаги айрим доиралар хавф сифатида кўриб келган. Бу энди табиий ҳолат. Чунки аксар туркий давлатлар кўп йиллар Россия таъсири остида бўлиб келди. Туркий мамлакатлар бирлашганда, Россиянинг уларга бўлган таъсири ҳам заифлашади. Буни эса улар хоҳламайди.

Аммо биз Россия хоҳламайди, дея бирлашув, яқин алоқаларни тўхтатмаймиз. Пантуркизмда ҳеч қандай хавф йўқ. Буни хавф сифатида кўриш туркий мамлакатлар бирикишига қаршилик деб ўйлайман. Бу жуда яхши жараён”, – деди ташкилот раҳбари сайт мухбирининг шу мавзудаги саволига жавобан.

Амреев интервю давомида Туркий давлатлар ташкилоти Марказий Осиё мамлакатлари интеграциясига қандай қарайди ва бу лойиҳани халқаро майдонда қанчалик ҳимоя қилади, мазмунидаги саволга ҳам жавоб берди.

“Марказий Осиё мамлакатлари туркий дунёнинг ўта муҳим бўлаги. Бу мамлакатлар яқинлашуви бизнинг ташкилотни ҳам кучайтиради. Марказий Осиё давлатлари интеграцияси туркий дунёнинг ҳам орзуси, маслаҳатидаги масала. Марказий Осиё кучли бўлса, туркий дунё ҳам кучли бўлади. Бу жараёнга нисбатан бизнинг қараш жуда яхши. Биз бу лойиҳани доим ҳимоя қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Боғдод Амреев.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид