Қорабоғ устидан назоратнинг тўлиқ Озарбойжонга қайтиши учта геосиёсий ўлчамга эга. Биринчиси – туркий дунё геосиёсати нуқтайи назаридан. Иккинчиси – пост-совет ҳудудидаги геосиёсий вазият нуқтайи назаридан. Учинчиси – Ўзбекистоннинг стратегик манфаатлари нуқтайи назаридан.

19-асрнинг иккинчи ярми ва 20-аср туркий халқлар ва давлатлар учун фожиалар даври бўлди. Бу даврда ягона ўз мустақиллигини сақлаб қола олган туркий давлат Туркия бўлди. Лекин Туркия ҳам 20-асрда катта зарбаларга учради, катта ҳудудларини йўқотди. Айниқса, биринчи жаҳон уруши Туркияга жуда катта зарба берди ва бу давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсатини тубдан ўзгартирди.

Фақат 20-асрнинг охирига келиб, Марказий Осиёдаги тўртта туркий тилли давлат ҳамда Кавказда Озарбайжон ўз мустақилликларини қўлга киритишди. Лекин, ҳалига қадар кўплаб туркий тилли халқлар ва ҳудудлар ўз эрки ва мустақиллигини қўлларига олишга муваффақ бўлишгани йўқ.

Арманистон ва этник арманлар, жумладан, дашноқлар Чор Россиясининг, советлар ва РФнинг туркий давлатлар ва халқларга босим инструменти бўлиб келган. Чор Россиясида Ленин ва Троцкий бошчилигида 1917 йилда инқилоб бўлади. Лекин 1918 йилнинг январига қадар Туркистон советлар ҳокимиятини тан олмайди. Натижада, 1918 йил бошида Москвадан Туркистонга, жумладан, Тошкент ва Фарғона водийсига 11 эшелон ҳарбийлар жўнатилади. Бу ҳарбийларнинг аксарияти – дашноқлар эди. Ҳарбийларнинг бош қўмондони – Қўқон советлар раҳбари Сааков бўлади. Тарихий манбаларга кўра, 1918-19 йиллар давомида Фарғона водийсида, Тошкентда ва минтақанинг бошқа шаҳарларида советлар ҳокимиятини ўрнатишда дашноқларнинг қўли билан амалга оширилган қирғинлар муҳим ўрин тутган.

Собиқ СССР даврида ҳам, Арманистон ва арманлар Москванинг Озарбойжонга ва туркий халқларга энг самарали қуроли, инструменти бўлиб келган. Советлар, иттифоқдош республикаларнинг чегараларини чизишда, кўплаб муаммоларни қолдириб кетишган ва бу муаммолар орқали ушбу давлатларни бошқаришни ўйлашган.

Собиқ СССР қулаганидан кейин ҳам, РФ Арманистонни муттасил қўллаб келди. 2018 йилга қадар. Айнан шу йили, юмшоқ инқилоб орқали Арманистон ҳокимиятига Пашинян келади. Унинг Путин билан муносабатлари олдинги арман раҳбарларга қараганда анча совуқ бўлди.

Аслида ўша вақтдаёқ Путин кучли зиддият қаршисида турган эди. Бир томондан, Туркия, Марказий Осиёдаги туркий давлатлар ҳамда Озарбайжон. Иккинчи томондан, кичик Арманистон. 2018 йилда Арманистон ҳокимиятига ғарбга ориентир олган Пашиняннинг келиши, Москва учун геосиёсий зиддиятни тўғрилаш имконияти сифатида кўрилди.