08:50 / 08.11.2022
6432

Ўзбекистон ва АҚШ жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги битимни имзоламоқчи

Ўзбекистон адлия вазири Руслан Давлетов ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов бошчилигидаги делегациянинг АҚШга ташрифи доирасида Америка расмий доиралари, Адлия вазирлиги ва Давлат департаментида учрашувлар ўтказилди.

Фото: Dunyo

АҚШ адлия вазири ўринбосари Брюс Шварц билан учрашув доирасида ходимлар малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари, миллий қонунчиликни такомиллаштириш соҳасида ўзаро мулоқотни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида Америка вакиллари ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, киберҳужумларга қарши курашиш, криминалистика ва суд-тиббиёт экспертизаси соҳаларида ўзбекистонлик мутахассислар салоҳиятини мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирди.

Брюс Шварц АҚШ Адлия вазирлигининг АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги битимни имзолаш масаласини илгари суришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

Ташриф доирасида диний эркинликни таъминлаш соҳасида мулоқотни кучайтириш мақсадида АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича махсус топшириқлар бўйича элчиси Рашад Ҳусайн билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Рашад Ҳусайн Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасидаги сезиларли ютуқларини олқишлашини таъкидлади. 

Хорижий давлатлар ва халқаро институтлар билан ўрнатилган очиқ мулоқот ва ҳамкорлик даражаси Ўзбекистон раҳбариятининг диний эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги қатъийлигидан далолат беришини қайд этди. У АҚШ диний эркинлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашини урғулади.

Top