
The Wall Street Journal нашри Москва ва Вашингтон ўртасида махфий алоқалар мавжудлиги ҳақида биринчи бўлиб хабар берди. Нашрнинг ёзишича, сўнгги бир неча ой ичида Салливан Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва Кремлнинг ташқи сиёсат бўйича катта маслаҳатчиси Юрий Ушаков билан махфий суҳбатлар ўтказган.
Нашрнинг маълум қилишича, музокаралардан мақсад урушни тугатиш шартларини муҳокама қилиш эмас, балки Украинада ядровий тўқнашувнинг олдини олиш бўлган.
Аввалига Оқ уй бу хабарларга тўғридан тўғри изоҳ беришдан бош тортди, аммо инкор ҳам қилмади.
АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши матбуот котиби Адриен Уотсон далилсиз бўлган ҳар бир баёнотга жавоб бериш имконсизлигини таъкидлади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса Ғарб матбуотини «кўплаб ёлғон хабарларни чоп этиш»да айблади.
Бироқ 7 ноябр куни Нью-Йоркдаги чиқишида Жейк Салливан Вашингтон ва Россия раҳбарияти ўртасидаги алоқа каналлари очиқлигича қолаётганини тан олди.
Унинг сўзларига кўра, бу АҚШ манфаатларига мос келади. Шу билан бирга, у Вашингтон ким билан иш олиб бораётганидан хабардор эканини таъкидлади.
Душанба куни Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер ҳам Қўшма Штатлар Россия билан музокаралар олиб бориш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини айтди.
Оқ уй ва Кремль ўртасида қандайдир парда ортидаги алоқалар мавжудлигига ишоралар бироз олдин пайдо бўлган эди.
Масалан, октябр ойида NBC телеканалига берган интервьюсида Жейк Салливан Вашингтоннинг юқори мартабали мулозимлари Россия расмийлари билан суҳбатларда, уларга агар Москва ядро қуролидан фойдаланса, АҚШ томонидан кўрилувчи «эҳтимолий жавоб чораси кўламини тушунтиргани»ни айтганди.
Вашингтон Киевга босим ўтказмоқдами?
7 ноябр куни CNN нашри Вашингтондаги манбаларига таяниб, сўнгги бир неча ҳафта ичида АҚШ расмийлари Киевни Москва билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини кўрсатишга ундаётганини маълум қилди.


















