Жаҳон | 08:23 / 12.11.2022
9770
3 дақиқада ўқилади

Россия АҚШнинг 200 нафар фуқаросига нисбатан шахсий санкциялар киритди

Москва санкциялар рўйхатига АҚШ президентининг синглиси ва укалари киритилган, уларга Россияга кириш тақиқланди.

Фото: Россия ТИВ

Россия Ташқи ишлар вазирлиги яна 200 нафар АҚШ фуқаросига нисбатан шахсий санкциялар киритди. Бу ҳақда 11 ноябрь, жума куни Россия ТИВ сайтида маълум қилинган.

Гап Америка расмийлари вакиллари, қонун чиқарувчилар, уларнинг яқин қариндошлари, ҳарбий-саноат комплекси (ҲСК) компаниялари ва корхоналари раҳбарлари, экспертлар ва лоббичилар ҳақида кетмоқда.

Рўйхатга, хусусан, АҚШ президенти Жо Байденнинг қариндошлари – синглиси Валери Байден Оуэнс, укалари Жеймс ва Френсис Байденлар, шунингдек, бир қатор сенаторлар, жумладан Вермонтдан Берни Сандерс ва Массачусетс штатидан Элизабет Уоррен киритилган. Рўйхатга Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер ҳам кирган. Журналист ва ёзувчи Энн Апплебаум, Politico газетаси бош муҳаррири Метю Каминский, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг турмуш ўртоғи – Пол Пелосининг ҳам рўйхатда бор. Уларнинг барчасига Россияга кириш тақиқланди.

Аввалроқ, 5 сентябр куни таниқли америкалик киноактёрлар Шон Пенн ва Бен Стиллер Россияга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилган эди.

Пенн ва Стиллер Россия томонидан уруш бошланганидан кейин Украинани очиқ қўллаб-қувватладилар. Бундан ташқари, Пенн Россия босқинчилиги ҳақида ҳужжатли фильм суратга олишга қарор қилди. Украина президенти Володимир Зеленский август ойи охирида иккала америкалик актёрни учинчи даражали "Хизматлари учун" орденлари билан тақдирлади.

Бунгача, 25 октябр куни Россия Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Россия ҳудудига кириши тақиқланган вакиллари рўйхатини кенгайтирди.

Рўйхатга, жумладан, Украинага «ўз маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланувчи қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқариш бўйича Европа тижорат тузилмалари вакиллари» киритилган. «Чекловлар Европа кенгаши Парламент ассамблеясининг алоҳида депутатларига ҳам тегишли», дея билдирди Россия ТИВ.

30 сентябр куни АҚШ ва Буюк Британия Москвага қарши янги санкциялар киритилишини эълон қилди. Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина Вашингтон ва Лондоннинг санкция рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак, Федерациялар кенгаши аъзолари, шунингдек, мудофаа вазири Сергей Шойгунинг рафиқаси ва қизи АҚШ чеклов чоралари рўйхатига тушди.

Мавзуга оид