— “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ташкил этилганига 31 йил бўлди. Ташкилот ўз олдига қўйган вазифаларни уддалай оляптими?

— Ташкилот мамлакат мустақиллигининг илк йилида уч-тўрт аёлнинг ташаббуси билан ташкил этилган. Ўтиш даврида, яъни мустақиллик йилларида бозор иқтисодиёти қоидаларини аёлларга бироз тушунтириш, уларни даромад топишга ўргатиш ташкилотнинг ўша пайтдаги асосий мақсади бўлган. 31 йил бу кичик муддат эмас. Бу даврда “Тадбиркор аёл” ассоциацияси катта тажриба йиғди. Бу тажрибага асосан салоҳиятимизни тўлиқ ишлатишга бизга, албатта, кўпроқ шароит керак. Мана шу давр мобайнида ҳукумат олдимизга қўяётган вазифаларни тўлиқроқ ва самаралироқ бажаришимиз учун кўпроқ меҳнат қилишга бел боғлаганмиз. Лекин шундай вазиятлар борки, ўзимизнинг ваколатимиздан чиқа олмаймиз. Мана шу нарса бизга бироз халақит беради.

Гулнора Маҳмудова, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон ассоциацияси раиси / Фото: Kun.uz 

— Ташкилот қаердан молиялаштирилади? 1 йиллик жами харажатлари қанча?

— Бу кўпчилик учун қизиқ. Ҳақиқатда ким билан гаплашсам, ассоциациянинг катта молиялаштириш асоси бор, деб ўйлашади. Аслида биз ўзимизнинг ташкилотни ўзимиз молиялаштиришга ҳаракат қиламиз. Яъни кўплаб халқаро ташкилотларга мурожаат қиламиз, ҳамкорларимиз билан ишлашга интиламиз. Ҳозирда “Тадбиркор аёл” ассоциациясининг энг катта ютуқларидан бири бу халқаро ташкилотлар ва ҳукуматимизнинг бизга бўлган ишончидир. Биз бирор лойиҳани муваффақиятли бажармасак, кейинги лойиҳаларда ҳамкорларнинг ишончини оқлай олмаган бўламиз. Айнан шунинг учун барча лойиҳаларни сифатли бажаришга ҳаракат қиламиз. Мана шунданми, ҳамкорларимиз, донор ташкилотлар бизга кўпроқ эътибор беришади.

— Ассоциациянинг жамият ва давлат ривожи учун аҳамияти ҳақида гапирсангиз, айтайлик шу ташкилотни йўқ деб ҳисобласак жамият нима йўқотади?

— Кўп нарса йўқотади. Чунки “Тадбиркор аёл” ассоциацияси аёлларимиз учун ниҳоятда керакли ташкилот. Кўп йиллар давомида аёллар билан яқиндан мулоқот ўрнатишга, уларни бирлаштиришга ҳаракат қилдик. Бу осон бўлмади. Бизга бўлган ишончни йиллаб йиғдик. Албатта, аёллар ўзларининг имкониятларини, интилишларини реализация қилишга мана шундай бир ташкилотлар керак.