«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду сўнгги йил давомида бошига тушган фожиа, клуб инқирозининг сабаблари, баъзи шов-шувли воқеалар ҳақида интервю берди.

Буюк Британиянинг The Sun нашри журналисти Пирс Морган «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду билан суҳбатлашиб, сўнгги йилда унинг ҳаётида юз берган воқеалар ҳақида фикрини билиб олди.

«Сўнгги бир неча ойларда унга маломат тошлари отилмоқда, масхара қилинмоқда ва чексиз айбловлар қўйилмоқда. Энди унинг сабр косаси тўлди. Криштиану Роналду ҳаммасидан тўйди», деб ёзди Морган.

Биринчи навбатда, маломат, масхара ва айбловлар оммавий ахборот воситалари, клуб раҳбарияти, жамоадаги шериклари ва ҳатто собиқ жамоадошлари томонидан қилинмоқда.

Энг муҳими, у 32 та совринни қўлга киритган, жумладан, бешта «Олтин тўп», Чемпионлар Лигасидаги 5 та ғалаба, тўртта мамлакатда қўлга киритилган 7 та чемпионлик унвони ва Португалия билан Европа чемпионати ғолиби бўлса-да, элементар ҳурмат йўқлигидан тўйиб кетган.

37 ёшли Роналду футбол тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири, шунингдек у юлдузликнинг замонавий метрикаси бўлган «Инстаграм»да энг кўп обуначиларга эга, энг машҳур одамлардан бири. Унинг обуначилари сони ярим миллиардга яқинлашмоқда. Аммо ҳозир у ғазаб ва ҳурматсизликни ҳис қилмоқда ва энди жим турмоқчи эмас.

У Қатарга бешинчи ва катта эҳтимол билан сўнгги жаҳон чемпионатига йўл олишдан бурун ЎЗ фикрини айтишни хоҳлайди. Роналду ўзининг профессионал ва шахсий жиҳатдан «ҳаётидаги энг оғир дамлар» деб атаган даврга ойдинлик киритишни истайди.

«Манчестер Юнайтед» менга хиёнат қилди, Тен Ҳагни ҳурмат қилмайман, чунки у ҳам мени ҳурмат қилмайди

Роналду «Манчестер Юнайтед»да ўзига нисбатан қилинаётган муносабатни «хиёнат»дек ҳис этмоқда. Клубнинг иши юришмаётган паллада ўзини айбдор қилишаётганидан, «оқ қарға»дек тасвирлашаётганидан аччиқланади ва ҳозир уни фаол равишда клубдан сиқиб чиқаришмоқчи деб ҳисоблайди.