Зеленский: Херсон ташлаб кетилган миналар туфайли хавфлилигича қолмоқда
Украина президенти Володимир Зеленский анъанавий кечки нутқида Херсон вилояти аҳолисидан оккупацион кучлар минтақада қолдириши мумкин бўлган портловчи қурилмалар туфайли ҳушёр бўлишни сўради.
«Афсуски, миналардан тозалаш вақтида сапёрларимиздан бири ҳалок бўлди, яна тўрт нафари яраланди. Мен Херсоннинг барча аҳолисидан эҳтиёт бўлишни ва барча хавфли нарсалар ҳақида зудлик билан қутқарувчиларга хабар беришни сўрайман», - деди Зеленский.
Украина раҳбари минтақада қўпорувчи гуруҳларни, шунингдек, россиялик аскар ва ёлланма аскарларни қидириш давом этаётганини таъкидлади.
Бундан олдин Украина Херсон устидан назоратни қайтариб олганини эълон қилганди.
«Херсон Украина назорати остига қайтмоқда, Украина Қуролли кучлари бўлинмалари шаҳарга кириб бормоқда», — дея маълум қилди 11 ноябрь куни мамлакат мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (БРБ).
Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги «Россия армияси қўмондонлиги томонидан Херсонда ташлаб кетилган россиялик ҳарбий хизматчиларга мурожаат» билан чиқди. «Қўмондонларингиз сизни фуқаролик кийимига ўтишга ва Херсондан қочишга ҳаракат қилишга ундамоқда. Муваффақиятга эриша олмайсиз», дейилади ҳужжатда, шунингдек, русларнинг чекиниш йўллари Украина Қуролли кучлари назорати остида эканлиги ҳам таъкидланган.
Шаҳарда қолган рус ҳарбий хизматчилари уларга хавфсизлик, ҳаёт ва кейинчалик алмашиш имкониятини ваъда қилиб, таслим бўлишга чақирилди. «Украина Қуролли кучларига қаршилик кўрсатишга қаратилган ҳар қандай уринишлар тўхтатилади. Қаршилик кўрсатган ҳар бир россиялик ҳарбий йўқ қилинади. Сизда ўлимдан қочиш учун ягона имконият бор - дарҳол таслим бўлиш», - дейилади Украина Мудофаа вазирлиги баёнотида. Русларга Женева конвенцияларига риоя қилиш, шунингдек, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам кўрсатиш кафолатланган.