DW хабарига кўра, Зеленский 23 октябр куни АҚШнинг Hudson Institute таҳлил марказида видеомулоқот орқали чиқиш қилган.

«Тезлик тикланмади», — деган Украина президенти.

Унинг маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов ҳам айрим ҳолатларда белгиланган лимитдан бироз юқори кўрсаткичлар кузатилиши чеклов олиб ташланганини англатмаслигини билдирган. Унинг тахминича, бундай ҳолатлар SpaceX алгоритмлари ёки тизимдан фойдаланишнинг ўзига хос шароитлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Трамп эса 22 октябр куни журналистлар билан мулоқотда SpaceX Украинада Starlink ишини тўлиқ тиклаганини маълум қилган. Бироқ чекловларни олиб ташлашга ким кўрсатма бергани ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермаган.

Аввалроқ Трамп ҳам, SpaceX асосчиси Илон Маск ҳам Украинада Starlink ишини чеклаш бўйича буйруқ берганини рад этган эди.

Украина томони маълумотига кўра, чекловлар 14 октябрдан кузатила бошлаган. Улар, жумладан, юқори тезликда ҳаракатланаётган қурилмаларда алоқа ишига таъсир қилган.

Украина ҳарбийлари Starshield’дан коммуникация ва учувчисиз аппаратларни бошқаришда фойдаланади. Зеленский аввал бу узилишлар фронтдаги логистикани секинлаштираётгани ҳамда дронларни қўллаш имкониятларини чеклаётганини айтган.

Hudson Institute’даги чиқишида Украина президенти Россия баллистик ракеталаридан ҳимояланиш учун зарур тутувчи ракеталар етказиб берилиши кечикаётганига ҳам тўхталган.

«Биз бўйича келишувга эришилган тутувчи ракеталарни кутяпмиз. Аммо улар ҳали ҳам келмаяпти. Бу ҳақиқий муаммо, чунки россияликлар деярли ҳар куни бизга ҳужум қилмоқда», — деган Зеленский.

У шунга қарамай Украина армияси мудофаани ушлаб турганини таъкидлаб, мамлакат аҳолисининг матонатидан фахрланишини билдирган.