Кунлар кескин совий бошлагандан сўнг истеъмолчиларнинг электр энергияси ва газга бўлган талаби ҳам ортиши янгилик эмас. Энергетика вазирлигига кўра, совуқ кунларда магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босими ҳам кескин пасайиши кузатилмоқда. Вазирлик изоҳида, шунингдек, айрим иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бораётгани, бу эса, ўз навбатида, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми пасайишига олиб келаётгани, йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритилаётгани таъкидланган.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига ИЭСларнинг ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келгани ҳақида хат чиқарган. Хатда энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда авария ҳолатлари (блэкаут) юзага келишининг олдини олиш учун соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий равишда бажариш сўралган. Таъминотдаги муаммолар туфайли Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди.

“Йўқ нарсани арзонга ишлатгандан кўра бор нарсани қимматга ишлатган маъқул-ку”

Таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад фуқаролар учун электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ тарифлари ўзгармай қолганига эътибор қаратиб, агар барча муаммо шу масалага бориб тақалса, йўқ нарсани арзонга ишлатгандан кўра бор нарсани қимматга ишлатган маъқул эканини таъкидлаган.

– Электр ва газ бизда 30 йилдан бери ечилмас муаммо. Лекин нега шундай қийинчилик ва муаммода эканимизни билмайман. Қанча газ ёки электр керагу, ҳукумат нега булар билан таъминлай олмаётганини тушунмайман. Кичик ва ночор бир рўзғорда ҳам муаммолар аста-секин ечилади. Лекин катта ва энергия ресурсларига бой мамлакатда бир неча ўн йиллардан бери бу масала нега ҳал этиб бўлмаётганини англамайман.