Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада Украинага ёрдам беришини ва Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилди
Канада Украинага яна 500 миллион доллар ҳарбий ёрдам ажратади ва 23 нафар россияликка қарши санкциялар жорий қилади, деди Жастин Трюдо. Бунга жавобан Россия Канаданинг 100 фуқароси учун киришни ёпди.
Канада Украинага қўшимча 500 миллион доллар ҳарбий ёрдам беради, шунингдек, яна йигирма нафар Россия фуқароларига қарши санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда 14 ноябрь, душанба куни Балида бўлиб ўтган G20 саммитида бош вазир Жастин Трюдо маълум қилди, деб ёзади Канада ҳукумати сайти.
«Россия Украинага шафқатсиз ва асоссиз босқинини давом эттирар экан, Канада тинчлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби умумий қадриятларимизни ҳимоя қилиб, Украина халқи ва иттифоқчиларимиз билан ёнма-ён туришда давом этади, - дейилади хабарда. - Украинани қўллаб-қувватлаш ва Россияни жавобгарликка тортиш учун бизда мавжуд бўлган барча воситалардан фойдаланишда давом этамиз».
Қайд этилишича, янги ёрдам пакети аввалроқ ажратилган 3,4 миллиард долларни тўлдиради, шунингдек, Россия босқинидан ҳимоя қилиш учун Киевга юборилади. Маблағлар ҳарбий техника, кузатув ва алоқа воситалари, ёнилғи ва дори-дармонлар сотиб олишга йўналтирилади.
Бундан ташқари, Канада россиялик шахсларга нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилмоқда, дейилади хабарда. Санкция рўйхатига «Россия мухолифати етакчиларига нисбатан инсон ҳуқуқларини қўпол ва мунтазам равишда бузишда иштирок этган» Россиянинг 23 фуқароси, жумладан, полиция, прокуратура, суд ва қамоқхона ходимлари киритилади.
Россия, ўз навбатида, «агрессив аксилроссия курсини шакллантиришда бевосита иштирок этган» юзлаб Канада фуқаросига қарши шахсий санкциялар киритди», — дейилади Россия ТИВ хабарида. Рўйхатга киритилганлар орасида актёр Жим Керри, «Оқсоч аёл ҳикояси» бестселлери муаллифи Маргарет Этвуд ва Украина миллатчилари етакчиси Степан Бандеранинг набираси, журналист Стефан Бандера бор.
Россия вазирлиги баёнотида қайд этилишича, санкциялар Канада расмийларининг худди шундай амалиётига жавобан киритилган. Қора рўйхатдан жой олган Канада фуқароларининг Россияга кириши тақиқланган.