Жаҳон | 14:37 / 15.11.2022
14264
3 дақиқада ўқилади

Зеленский G20’га Россия билан тинчликка эришиш режасини тақдим этди

Киевнинг тинчликка эришиш режаси, хусусан, барча асирлар ва депортация қилинганларни озод қилиш, Украина ҳудудий яхлитлигини тиклашни ўз ичига олади. Зеленский ўз нутқида G20’ни G19 деб атади. 

Фото: thejakartapost

Украина президенти Володимир Зеленский 15 ноябрь, сешанба куни G20 саммити иштирокчиларига видеоалоқа орқали мурожаат қилиб, Украинанинг Россия билан тинчликка эришиш бўйича таклифларини билдирди. Киев томонидан ишлаб чиқилган режа 10 бандни ўз ичига олади:

1. Украинанинг радиациявий ва ядровий хавфсизлигини таъминлаш.
2. Украинанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.
3. Украинанинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш.
4. Барча асирларни ва депортация қилинганларни озод қилиш.
5. БМТ Низомини амалга ошириш ва Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш.
6. Россия қўшинларининг Украинадан олиб чиқилиши ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши.
7. Адолатнинг қайтиши.
8. Экоцидга қарши кураш.
9. Эскалациянинг олдини олиш.
10. Урушнинг тугашини аниқлаштириш.

Шу билан бирга, Зеленский Россия тажовузига янги уринишларнинг олдини олишга қаратилган «урушдан кейинги хавфсизлик архитектурасининг асосий элементларини» бирлаштириши керак бўлган халқаро органни яратишга чақирди. Бундан ташқари, Украина раҳбари яна бир бор халқаро трибунал ташкил этишга чақирди, унинг мақсади Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларида айбдорларни жавобгарликка тортишдир. Володимир Зеленский Украина учун хавфсизлик кафолатларини Киев Хавфсизлик келишувида белгилашни таклиф қилди, унинг лойиҳаси аллақачон Киев томонидан ишлаб чиқилган ва ҳамкорларга таклиф қилинган.

Бошқа соҳалардаги келишувларни тузатиш учун Володимир Зеленский «ғалла битими»нинг ижобий тажрибасидан фойдаланишни таклиф қилди, ўшанда баъзи ҳужжатлар Украинадан кафолатлар билан, бошқаларида эса - Россиядан кафолатлар билан имзоланган. Украина президенти ғалла экспорти ташаббусини бошқа портларга, хусусан, Миколаив вилоятидаги Миколаив ва Олвия портларига кенгайтиришни таклиф қилди.

Саммит иштирокчиларига қилган мурожаатида Зеленский G20’ни «ўн тўққизталик гуруҳи» деб атади, у Россияни аъзоликдан чиқариб ташлаган. Украина президенти «Россия расмийлари томонидан ядро қуроли қўлланилиши нинг таҳдидларини» қоралади ва саммит иштирокчиларига, Россиядан ташқари, ядро қуролидан фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслиги масаласида бирдамликлари учун миннатдорчилик билдирди: «Ядровий шантажни оқлаш мумкин эмас. Буни аниқ тасдиқлаганингиз учун сизга, азиз G19’га миннатдорчилик билдираман». 

Украина президенти Россия Запорижжя АЭСни «ҳар қандай вақтда портлаши мумкин бўлган радиоактив бомба»га айлантирганини эслатиб, ҳеч нарса реакторлар барқарорлигига таҳдид солмаслиги учун Россияни атом электр станциясидан барча ҳарбийларини олиб чиқишга чақирди. 

G20 саммити Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтмоқда. Учрашувда Россия президенти Владимир Путин ўрнига Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этмоқда.

Мавзуга оид