16 ноябр куни «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, «Suez», «Calik Holding», «Cengiz Enerji», «Halyk Bank», «VEON Group», «TBC Bank», Абу-Даби тараққиёт фонди, «ACWA Power», «Zeppelin International AG», «EDF», «AME International», «CNH Industrial», «Youngone Corporation», «Procter & Gamble», «Mitsui», «Sojitz Generation DMCC», «KIA Motors», «General Electric», «John Deere», «Silverleafe», «Knauf», «White&Case» каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, шунингдек, халқаро молиявий институтлар – Жаҳон банки, Халқаро молиявий корпорация, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.
Президент ўз чиқишида бугунги кунда жаҳонда жиддий глобал ўзгаришлар юз бераётгани, дунё ҳамжамияти пандемиядан халос бўлишга улгурмай, янги қийинчилик ва синовларга дуч келаётганини, турли зиддият ва қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётгани, бундай оғир ва мураккаб шароитда ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган яқин ҳамкорликнинг аҳамияти ҳар томонлама ортиб бораётганини таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, сўнгги 5 йилда мамлакат иқтисодиётига кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баробар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди.
«Биз 10 йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги кўрсаткичдан икки баробар оширишни мақсад қилганмиз. Бунга эришиш учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, имконият ҳам етарли», дея қайд этди у.
Бу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этишни ҳисоб-китоб қилган.
«Ушбу инвестицияларни, энг аввало, саноат соҳаларини модернизация ва трансформация қилиш, ишлаб чиқариш, коммунал ва транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантиришга йўналтириш учун аниқ лойиҳа ва дастурларимиз бор. Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш каби давлат тасарруфидаги анъанавий соҳаларга ҳам хусусий инвестицияларни жалб этиш кун тартибимизда туради», деган президент.
«Биз хорижий инвесторларни ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга оширишга чақирамиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, Янги Ўзбекистонда инвесторлар ўзини эркин ҳис этиши, эртанги кунга катта ишонч билан қараб барқарор ишлаши учун барча имкониятларни яратиб берамиз. Айнан шунинг учун бизга яқин дўст, хайрихоҳ бўлган энг ишончли инвесторлар иштирокида янги Кенгашни ташкил этмоқдамиз. Сизлар билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли инвестицион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишимизга аминман», дейди давлат раҳбари.

















