15 ноябр куни куннинг иккинчи ярмида, РФ армияси Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллаган маҳалда Польша ҳудудига ракета қулади. Ракета Украина чегарасидан беш километр масофада, Люблина воеводствосидаги Пшеводув қишлоғи ҳудудига тушган. Бу ҳақда дастлаб хабар берган ZET радиосига кўра, ракеталар донқуритгич устига тушган, натижада икки киши вафот этган.

Lublin112 нашри маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 15:35 до (Тошкент вақти билан 19:35) ракета тракторга уланган элеватор ёнига тушган, натижада портлаш рўй берган. Польшалик қутқарувчилар расман Пшеводувда портлаш бўлганини қайд этишган, аммо унинг сабабини келтирмаган. Воқеа жойига Люблина воеводаси (ҳокими) Лех Справка етиб келган ва қишлоқда бахтсиз ҳодиса рўй берганини айтган. Ижтимоий тармоқларда Пшеводув қишлоғидаги портлаш жойида олинган видео тарқалди.

Америка разведкасининг юқори мартабали мулозими Associated Press нашрига Польша ҳудудига россияликлар ракеталари қулаганини айтди. Пентагон матбуот хизмати эса, АҚШ томони Полша ҳудудига айнан россияликлар ракетаси қулагани тўғрисида тасдиқланган маълумот йўқлигини айтди. Оқ уйдагилар Полша шарқида юз берган ракета портлаши юзасидан қўшимча маълумотлар тўплаш бўйича Варшава биргаликда иш олиб борилаётгани, кейинги қадамлар шунга кўра аниқлаштирилишини маълум қилишган.

Польшага Украина қуролли кучлари уриб туширган ракеталар қулагани тўғрисидаги версия ҳам бор. Бу ҳақда дастлаб ZET журналисти Мариуш Гершевский ўз манбалари маълумотига асосланиб хабар тарқатди. Бошқа манбалар ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган. Россиянинг Кремл таъсиридаги Mash нашри Польша ҳудудига С-300 ракеталари — «Украина қуролли кучларидаги ракета ҳужумига қарши мудофаа воситалари» тушганини хабар қилган. Ижтимоий тармоқларда ракета қолдиғи сурати тарқалган — бу чиндан ҳам С-300 ракетаси парчаси, аммо, бу тасвир қачон ва қаерда олингани маълум эмас. Польша ҳудудига украинларнинг С-300 тизими ракеталари тушгани ҳақида Россиядаги пропагандачи агентлик РИА Новости ҳам ҳарбий экспертга таяниб хабар тарқатган. Польшанинг Rzeczpospolita газетаси ҳукуматдаги манбасига асосланган ҳолда ҳукумат мамлакат ҳудудига кимнинг ракетаси тушганини ўрганаётганини хабар қилган.

РФ мудофаа вазирлигидагилар россияликлар ракетаси қулагани тўғрисидаги хабарни «вазиятни кескинлаштириш мақсадида қасддан уюштирилган провокация» деб атади. «Украина-Полша давлат чегарасидаги ҳеч бир нишонларга Россиянинг нишонга олиш воситалари томонидан зарба берилган эмас. Полша нашрлари томонидан Пшеводув аҳоли яшаш манзилидаги воқеа жойидан иссиқ изидан эълон қилинган парчалар Россиянинг нишонга олиш воситаларига тааллуқли эмас», — дейилади Россия ҳарбий идораси баёнотида.